III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинларида Муҳаммадрасул Раҳимов Ўзбекистон байроқдори бўлади

​Хабарингиз бор, 6-18 октябрь кунлари Аргентинанинг Буэнос-Айрес шаҳрида III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинлари бўлиб ўтади. Ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон спорт делегацияси шарафини 16 спорт турида 37 нафар спортчи ҳимоя қилади.
Анъанага кўра, Миллий олимпия қўмитаси ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон байроқдори бўладиган спортчи номини маълум қилади. Унга кўра, эркин курашчимиз Муҳаммадрасул Раҳимов мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон байроқдори вазифасини бажаради. Бу ҳақида МОҚ хабар бермоқда.
Маълумот учун, Муҳаммадрасул бунгача қуйидаги натижаларни қайд этган:
2017 йил: Ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати кумуш медаль (Таиланд)
2018 йил: Ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати кумуш медаль (Ўзбекистон)
2018 йил: Ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати бронза медаль (Ҳиндистон)
Таъкидлаш лозимки, Олимпия ўйинларида ўз ватани байроқдори бўлиш нафақат шараф, балки катта масъулият ҳамдир.
Миллий олимпия қўмитаси ушбу нуфузли мусобақада спортчиларимизга омад ва юксак ғалабаларни тилайди.

 

ЎзА