Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги ҳарбий-ватанпарварлик кенгаши томонидан ўтказилаётган йиғилишда Президентнинг 2017 йил 23 августдаги қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимликлари таркибида Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг минтақавий бўлинмалари ташкил этилиб, ҳарбий округлар қўмондонлиги билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилгани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 декабрдаги фармонига мувофиқ ҳарбий-маъмурий секторларга асос солинди. Мазкур муҳим янгилик мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Ҳарбий-маъмурий секторлар “Миллий армиямиз – бизнинг ифтихоримиз ва ғуруримиз” тамойили асосида ҳудудларда мудофаа соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, армия ва халқнинг якдиллигини таъминлаш бўйича ишларни янги босқичда давом эттирмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси тўғрисида”ги қонунида мамлакатимизнинг мудофаа соҳасидаги сиёсати бўйича принципиал ёндашувлар, уларни қўллаш асослари, Қуролли Кучлар олдида турган вазифалар, шунингдек, миллий армиямиз қурилиши ва ривожланишини давом эттириш бўйича истиқболли йўналишлар белгилаб берилган.
Тадбирда ватанпарварлик мавзусини ёритишда телерадиоканалларда эфирга узатилаётган кўрсатув ва эшиттиришлар танқидий кўриб чиқилди. Уларнинг сонини ва савиясини ошириш бўйича мутахассислар билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА