Тошкентда Ўзбекистон ва Ислом тараққиёт банкининг 2018-2021 йилларга мўлжалланган Стратегик ҳамкорлиги муҳокама этилмоқда

Аввал хабар берилганидек, шу кунларда Ислом тараққиёт банки гуруҳи президенти Бандар Ҳожар бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб турибди.
Айни вақтда пойтахтимиздаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида “Ислом тараққиёт банки гуруҳи куни“ конференцияси ўтказилмоқда. Тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар, халқаро молия институтлари ҳамда хусусий сектор вакиллари, шунингдек, Ўзбекистонда фаолият юритаётган дипломатик корпус раҳбарлари йиғилган.
Конференция Қуръон тиловати билан бошланди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси Суҳроб Холмуродов сўзга чиқиб, мамлакатимиз ва Ислом тараққиёти банки ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланиб бораётгани, айниқса, томонлар ижтимоий ва иқтисодий соҳаларга йўналтирилган лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасида кенг кўламли ҳамкорлик қилаётгани, бугунга келиб ИТБ кўмагида жами 25 та лойиҳа амалга оширилганини қайд этди.
ИТБ гуруҳи президенти Бандар Ҳожар ўз нутқида Ўзбекистон 2003 йилдан буён Ислом тараққиёт банкининг тенг ҳуқуқли аъзоси эканлиги, ўтган йиллар давомида аҳоли яшаш даражасини юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш йўналишлари, соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт соҳалари бўйича биргаликда олиб борилган ишлар сарҳисобига тўхталиб, эндиликда томонлар инвестициявий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни янги босқичга кўтаришини маълум қилди.
Конференция доирасида маҳаллий банклар ва ИТБ ўртасида янги келишувлар имзоланди.
2018-2021 йилларда Ўзбекистон ва ИТБнинг Стратегик ҳамкорлиги муҳокамасига бағишланган конференция давом этмоқда.

 

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА