Аввал хабар берилганидек, “Мустаҳкам оила” дастури доирасида ўтказилаётган семинарда БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси вакили Ашита Миттал бу борада юртимизда амалга ошириладиган ишлар хусусида тўхталди:
– “Мустаҳкам оила” дастури АҚШ ва Буюк Британияда илк бор амалиётга татбиқ этилган. Сўнг бошқа кўплаб ривожланган мамлакатларда бу лойиҳа қўлланилган. Буни ишлаб чиқиш жараёнида ҳар бир давлат ўз миллий анъаналари ва менталитетига хос бўлган жиҳатларга эътибор қаратади. Ўзбекистон ҳам ўз позицияси ва авлодлар муносабатидан келиб чиқиб лойиҳани ҳаётга татбиқ этмоқда. Етти қисмдан иборат дастурдан кўзланган асосий мақсад ёшлар орасида гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, тамаки ва алкоголь маҳсулотлари истеъмол қилинишининг олдини олиш, ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамлигига эришишдан иборат. Биз Ўзбекистонда тренерлар жамоасини тайёрлаймиз. Улар келгусида таянч мактаб сифатида ташкил этиладиган мактабларда фаолият юритади. Турли видео материаллар, ўйинлар орқали ёш авлод ва ота-оналарнинг муносабатларида мувозанатга эришиш асосий мақсаддир. Унда психологлар, педагоглар, маҳалла фаоллари, таълим-тарбияга оид мутахассислар иштирок этади. Айни вақтда Тошкент шаҳридаги 19 умумтаълим мактабида амалиётга татбиқ этилган дастур доирасида жорий йил охиригача намунавий “Happy schools” (“Бахтли мактаблар”) ташкил этилади. Бугунги глобаллашув даври эҳтиёткорликни талаб этмоқда. Мазкур мактаблар зўравонлик, жиноятчилик, зарарли одатлардан холи мустаҳкам оила ва мактаб ҳамкорлигига асосланган хавфсиз мактаблар бўлади.
Б.Мелиқулова, Ф.Абдурасулов, ЎзА