ФУТБОЛ: Бугун Ўзбекистон Кубогининг чорак финал ўйинлари ўтказилади

Мамлакат миллий чемпионати Суперлигасининг кучли олтилигида қандай шиддатли ўйинлар старт олган бўлса, Ўзбекистон Кубогида ҳам айнан шундай палла ҳукм суряпти. Суперлига сингари Кубок ўйинлари ҳам бу йил янгича кўринишда ўтказилаётганидан хабарингиз бор. Авваллари кучли тўрт жамоа чорак финалдан қўшилар, ўйинлар уй ва сафар тизимида олиб бориларди. Энди эса жамоанинг савиясидан қатъий назар барчаси қуръага кўра битта ўйиндан иборат “жанглар”да иштирок этишяпти. Агар қуръанинг “кўзи кўр” бўлмаганда “Пахтакор” ва “Локомотив”ни чорак финалдаёқ бир-бирига рўбарў қилиб қўярмиди. Ваҳоланки, бу икки жамоа финалнинг безагини қилиб беришлари кўпроқ қизиқ эди. Эндичи, чемпионатда бош совринга асосий даъвогарлар Кубокнинг ҳал қилувчи ўйинидан анча барвақтроқ паллада майдонга тушмоқда. Чемпионатда олтин медалнинг қадри борган сари ортиб бораётган, унинг кимга насиб этиши кўпроқ сўроқ остида қолаётган бир пайтда жамоалар ҳар эҳтимолга қарши маъносида Кубокни қўлга киритишни биринчи галдаги вазифа сифатида белгилаётган бўлса не ажаб.
Шундай экан, бугун чорак финалда ўзаро куч синашадиган “Пахтакор” ва “Локомотив” жамоаларининг баҳси мавсумнинг марказий ўйинларидан бири бўлиши эҳтимолдан йириқ эмас. Учрашув одатдагидек мухлисларбоп вақтда – 20:00да бошланади. Бугун шунингдек, “Қўқон-1912” ва “Қизилқум” жамоалари ҳам ўзаро куч синашади. Мазкур ўйин Тошкентдан икки соат олдин старт олади. Қолган иккита учрашув эртага ўтказилади: “Андижон” – “Бунёдкор” , АГМК – “Машъал”.
Эътиборингизга мазкур учрашувларни бошқарувчи масъуллар таркибини ҳавола қиламиз:
Ўзбекистон Кубоги. 1/4 финал. 18 сентябрь
“ҚЎҚОН-1912” – “ҚИЗИЛҚУМ” 18:00
Ҳакамлар: Олим Толибжонов, Шерзод Қамаров, Сардор Ҳакимов, Темур Тўхтасинов.
Назоратчи – Игор Нехочин.
Комиссар – Баҳодир Мирзаев.
“ПАХТАКОР” – “ЛОКОМОТИВ” 20:00
Ҳакамлар: Виктор Серазиддинов, Андрей Цапенко, Санжар Шоюсупов, Вадим Агишев.
Назоратчи – Артём Арутюнов.
Комиссар – Бахтиёр Намозов.
19 сентябрь
“АНДИЖОН” – “БУНЁДКОР” 18:00 
Ҳакамлар: Шавкат Насибуллаев, Расул Фозилов, Максим Нехочин, Ғайрат Жўраев.
Назоратчи – Султон Зайлобиддинов.
Комиссар – Маъмур Саидқосимов.
АГМК – “МАШЪАЛ” 20:00
Ҳакамлар: Аскер Нажафалиев, Бахтиёрхўжа Шавкатов, Авазбек Абдуллаев, Султонмурод Абдураҳмонов.
Назоратчи – Сайфиддин Эрматов.
Комиссар – Лазиз Қўчқоров.
Ярим финал учрашувлари 27-28 сентябрь саналарига белгиланган. Ўзбекистон Кубоги-2018 финал ўйини эса 28 октябрь, якшанба куни Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” стадионида ташкил этилишидан эса хабарингиз бор.

 

Ойбек Юнусов, ЎзА