Сир эмас, жаҳонда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ортиб бораётир. Мамлакатимизда барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қатори бошоқли ва дуккакли экинлар етиштириш ҳажми ортиб, уларни қайта ишлаш кенгайиб, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва фойдаланиш меъёрлари такомиллаштирилмоқда.
Дон, ун ва нонни сотишга, шунингдек, мамлакатнинг донни қайта ишлаш тармоғига бозор механизмларини жорий қилиш, ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларида қўшимча харажатларни қоплаш учун компенсациялар тўлашнинг самарали механизмларини яратиш тизими жорий этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 13 сентябрдаги “Мамлакатимиз аҳолисини ва иқтисодиёт тармоқларини рақобат ва бозор механизмларини жорий этиш асосида дон, ун ва нон билан ишончли таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори янги тизимлашган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқий асос бўлади.
Мазкур ҳужжатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан 2018 йил 15 сентябрдан бошлаб бир килограмм 1-нав буғдой унини улгуржи сотиш нархи 1 минг 400 сўм миқдорда белгиланади. Шунингдек, қолипли нонни талаб ва таклиф асосида шакллантирадиган эркин бозор нархи бўйича сотиш тартиби жорий этилди.
“Ўздонмаҳсулот“ акциядорлик компанияси корхоналари томонидан спирт ишлаб чиқарувчилар ва чорвачилик (паррандачилик, балиқчилик) корхоналарига дон, шунингдек, олий навли буғдой уни биржа савдолари орқали чекловларсиз сотилади.
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда ун нархи шаклланиши юзасидан амалий мониторинг ўрнатадиган бўлди. Унга кўра, 2018 йил 1 ноябргача 1-нав буғдой уни учун улгуржи сотиш нархини белгилаш тартибини бекор қилишга оид таклифлар кўриб чиқилади.
Ушбу қарор ижроси доирасида амалга ошириладиган ишлар соҳадаги мавжуд тармоқлар фаолиятини янада ривожлантириш ва аҳолига қулайлик яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.