Биламизки, ўқитувчи ва шифокор каби мутахассислар вақти-вақти билан малакавий тестлар топшириб, квалификацияларини ошириб борадилар. Бу ҳатто ҳамширалар учун ҳам қўлланилади.
Уларнинг билим даражаси доим назорат остида. Савол туғилади, ҳоким, ҳоким ўринбосарлари, вазирлар маҳкамаси ходимлари, умуман, давлат бошқарувидаги раҳбар ходимлари ҳам шундай имтиҳон тестларини топшириб турадиларми?
Айни савол билан ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги давлат бошқарув академияси бошқарув кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш факультети декани Отабек Ҳасановга мурожаат қилди.
“Шу вақтгача раҳбар кадрлар ҳеч қандай малакавий имтиҳонлардан ўтмаган, фақатгина объективка тизими ишлаган. Эндиликда барча давлат бошқарувидаги кадрларни малакасини ошириш ниятидамиз. Шу билан бирга, улар ҳақидаги маълумотларни интернет порталига жойлаб борамиз.
Улар барча учун очиқ бўлади. Портал шундай бўладики, хоҳлаган раҳбар ўзини кўрсата олади.
Тасаввур қилинг, Қашқадарё ҳокимиятида ишлаётган кадрнинг хорижий тил билиш ва сиёсий билимини аниқлаш учун онлайн тест оламиз ва унинг натижалари ҳам порталга жойланади.
Биз бу орқали қаерда қандай кадрлар борлигини аниқлай оламиз. Шунингдек, кадрларни лавозимларга тайинлашда инсон омили камаяди ва лавозимлар ўсишида объективлик таъминланади. Келажакда барча давлат хизматчиларининг ягона портали бўлади. Ушбу порталда масофавий тарзда малака ошириш имконияти ҳам яратилиши кўзда тутилган.
Ҳар 6 ойда раҳбар кадрлар учун масофавий дарслар, вебинарлар ташкил этиб турилади ҳамда ҳар 6 ой оралиғида раҳбар кадрлар билими тест синови орқали текшириб турилади. Яъни улар доимий равишда ўз устида ишлашга мажбур бўладилар”.
ЎзА