Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг мамлакатимизга расмий ташрифи доирасида 12 сентябрь куни “Ўзэкспомарказ”да Ўзбекистон – Беларусь ишбилармонлари ва ҳудудлараро ҳамкорлик форуми бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси томонидан Беларусь Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда икки мамлакатнинг энергетика, машинасозлик, фармацевтика, тоғ-кон, озиқ-овқат ва енгил саноат каби соҳаларга ихтисослашган вазирлик, компания ва фирмаларидан 500 дан зиёд вакил иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Н.Отажонов, ташқи савдо вазири Ж.Хўжаев, Беларусь Республикаси Бош вазири ўринбосари М.Русий ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик кўплаб йўналишларда бўлгани каби иқтисодий соҳада ҳам фаол ривожланиб бораётгани, бунда ўзаро ишонч руҳидаги давлатлараро мулоқот муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Таъкидланганидек, давлат идоралари ва ишбилармон доиралар вакилларининг мунтазам учрашувлари иқтисодиёти бир-бирини тўлдирадиган мамлакатларимизнинг кенг қамровли алоқаларини амалий мазмун билан бойитиш имконини бермоқда. Мазкур форум доирасида Беларуснинг умумий ҳисобда 300 дан зиёд ишбилармон, 38 йирик компания бошқаруви раҳбарлари иштирок этаётгани ўзаро манфаатли шериклик муносабатларини барқарор ривожлантиришдан ҳар икки томон бирдек манфаатдор эканини кўрсатди.
Мамлакатларимиз савдо-инвестициявий ҳамкорлигини тартибга соладиган ҳуқуқий асослар яратилган. Ўзбекистон билан Беларусь ўртасида 2008-2017 йилларга мўлжалланган шартнома ва иқтисодий ҳамкорлик дастури, икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш, даромад ва мол-мулк солиғи бўйича солиқ тўлашдан қочиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим шулар жумласидан.
Форумда халқаро стандартларни жорий қилиш соҳасида тажриба алмашиш, кадрлар тайёрлашнинг самарали тизимини яратиш, икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришда ҳукуматлараро комиссия имкониятларидан унумли фойдаланиш масалалари кенг муҳокама қилинди. Иқтисодий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўлган агросаноат, инновацион парклар яратиш, туризм соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш, фармацевтика бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Бугунги кунда ишлаб чиқариш соҳасида кооперацияни кенгайтиришга ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар савдосини янада ошириш мақсадида Беларусь Республикасида мамлакатимиз тадбиркорлари иштирокида 6 корхона ташкил қилинди. Айни пайтда мамлакатимизда Беларусь капитали иштирокидаги 30 корхона фаолият юритмоқда. Бунда икки давлат бизнес алоқаларида эркин савдо режимининг амал қилиши муҳим ўрин тутмоқда.
Биргина мисол. 2018 йилнинг олти ойи давомида ўзаро савдо ҳажми 229,5 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб тўрт баробар кўп. Тармоқлар кесимида олганда тўқимачилик маҳсулотлари 67,4 фоиз, янги ва қайта ишланган мева-сабзавотлар 16,6 фоиз, транспорт воситалари савдоси 4,8 фоиз ўсган.
– Мамлакатларимиз ўртасида фаол ривожланаётган ҳамкорлик ўзаро фойдали келишувларни амалга ошириш учун қулай замин яратмоқда, – дейди “Белавтомаз» холдинги бош директори Дмитрий Катеринич. – Бугунги форум ана шундай руҳдаги шериклик муносабатларини янада ривожлантириш имконини беради. Мамлакатларимиз иқтисодиёти бир-бирини тўлдириш тамойилларига асосланади. Қўшма корхоналар фаолияти орқали икки давлат маҳсулотлари учинчи мамлакат бозорларига кириб бормоқда. Ўзбекистон биз учун ишончли шерик, минтақадаги муҳим бозордир. Шу боис форумда қиймати 2,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги шартномалар имзолаганимиздан мамнунмиз. Келгусида бу рақамни 15-20 миллион долларга етказиш ниятидамиз.
Тадбирда савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий-гуманитар соҳаларда ҳудудлараро ҳамкорлик, туризм, текстиль, тўқимачилик ва трикотаж, чарм саноати, қурилиш ва архитектура маҳсулотлари, шунингдек, хизматлар экспорт-импортига оид истиқболли шартномалар имзоланди.
Форум доирасида B2B форматдаги кооперацион биржа ҳам ташкил қилинди. Унда ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга қаратилган қўшма дастурларни ишлаб чиқиш, нефть-газ, тоғ-кон саноати, металлургия, қурилиш ва қишлоқ жўжалиги, озиқ-овқат, туризм соҳаларида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Иқтисодиётни модернизация қилиш дастурларини амалга ошириш, юқори технологияли қўшма корхоналар ташкил этиш ҳақида сўз юритилди.
Музокаралар якуни бўйича 17 та қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган келишувлар ҳамда 80 дан ортиқ манфаатли шартномалар имзолашга эришилди.