Юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш тизими такомиллашади

Олий Мажлис Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ишчи гуруҳининг “Юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни муҳокамасига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.

Қонунда юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш соҳасини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш назарда тутилади. Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Фуқаролик кодексига, Уй-жой кодексига ва Солиқ кодексига, шунингдек “Нотариат тўғрисида”ги ва “Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

“Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига киритилаётган ўзгартишларга мувофиқ ҳакамлик судларида ва халқаро тижорат арбитражларида судья сифатида, патент вакили ва медиатор сифатида, шунингдек, шартномавий-ҳуқуқий асосда давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходими сифатида иштирок этишга доир адвокатларнинг ҳуқуқлари кенгайтирилмоқда. Шунингдек, адвокат мақомини олиш учун малака имтиҳонини такроран топшириш муддати бир йилдан олти ойгача, адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига лицензия олиш учун адвокатлик тузилмасида мажбурий стажировкадан ўтиш муддати олти ойдан уч ойгача камайтирилмоқда.

Бундан ташқари, қонунда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ва Солиқ кодексига ҳам ўзгартишлар киритилмоқда. Масалан, ижарага бериш шартномасини, текин фойдаланишга бериш шартномасини фуқаролар томонидан мажбурий нотариал тасдиқлаш тартиби бекор қилиниши муносабати билан ички ишлар органларининг ўзи жойлашган жой бўйича давлат солиқ хизмати органларига ҳар ойда юқоридаги шартномаларни мажбурий нотариал тасдиқлашга риоя этилмаётганлиги фактлари тўғрисида хабар бериш мажбурияти бекор қилинмоқда.

Адвокатура институти самарадорлиги тубдан оширилиши ва адвокатлар мустақиллиги кенгайтирилиши муносабати билан тегишли ўзгартиш ва қўшимча Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилмоқда. Уларга кўра, адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилинган тақдирда адвокатнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузмасдан ўз аризасида ҳуқуқбузарнинг шахси тўғрисидаги маълумотларни, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жойни, вақтни ва бу ҳуқуқбузарликнинг моҳиятини, шунингдек, ишни ҳал этиш учун зарур бўлган бошқа маълумотларни кўрсатган ҳолда судга мурожаат қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланмоқда.

“Нотариат тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, йигирма беш ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга, юридик мутахассислик бўйича камида уч йиллик иш стажига эга бўлган, шу жумладан, нотариал идорада камида бир йил стажировка ўтаган, малака имтиҳонини топширган Ўзбекистон Республикаси фуқароси нотариус бўлиши мумкин. Судьялик лавозимида камида беш йил ишлаган ёки нотариус ёрдамчиси ёхуд адлия органларининг нотариал фаолиятга раҳбарлик қилиш ва ушбу фаолиятни назорат қилиш билан боғлиқ лавозимларда камида уч йил ишлаган шахслар учун стажировкадан ўтиш талаб қилинмайди.

Шунингдек, “Нотариат тўғрисида”ги қонуннинг тегишли моддаларига қўшимчалар киритилди. Унда нотариуснинг мустақиллиги, нотариал ҳаракатларнинг махфийлиги, нотариуснинг мажбуриятлари каби бир қатор нормалар ўз аксини топган.

Қонунни муҳокама қилиш чоғида ишчи гуруҳ аъзолари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

 

Нурилло Насриев, ЎзА