Ўзбекистон давлат санъат музейида сақланаётган ҳар бир осори-атиқа халқимиз ва сайёҳлар учун жуда қадрли. Чунки бу ерда нафақат юртимиз, балки хорижий давлатлар ўтмиши ва маданиятидан хабар берувчи ноёб асарлар ўрин олган.
Музейнинг “Ўзбекистон халқ амалий санъати”, “Россия ва Ғарбий Европа давлатлари санъати”, “Хорижий Шарқ мамлакатлари санъати” деб номланган бўлимларида чинни, сопол, тош ва сомондан яратилган 10 мингдан ортиқ буюмлар мавжуд бўлиб, улар ўша давр одамлари ҳаёти ва удумларини ифода этади.
Музей директори Васила Файзиеванинг маълумот беришича, Жанубий кореялик ишбилармон Ким Жун Че экспозицияни диққат билан томоша қилар экан, бу ерда кўплаб халқлар тарихи жамланганига шоҳид бўлади. У кейинги сафар Тошкентга келганида, ўз коллекциясини музейга тақдим қилади. Шу тариқа, бугунги кунда нодир жамланмалар билан бир қаторда Жанубий Корея маданиятини акс эттирувчи асарлар ҳам жой олди.
– Айниқса, улар орасида селадондан (яшил тош) тайёрланган буюмлар, дейлик, чойнак, чой тўплами, шамдон, гулдонлар бу ерга келувчиларнинг диққатини тортмоқда, – деди музей фонди мудири Дилшод Истамов. – Сомон ва сополдан юксак дид ва нафислик билан яратилган идишлар бу халқнинг чинакам ижодкор ва меҳнаткаш эканидан далолат беради. Булардан ташқари, XVIII-XX асрларга оид Россия ва Япония чинни буюмлари намуналари ҳам шу халқлар анъаналарини акс эттиргани билан янада қизиқарлидир.