Президент фармони билан тадбиркорлар учун тенг шароитлар ва адолатли рақобат муҳитини таъминлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар белгиланади.
Президент Шавкат Мирзиёев ўтган ойнинг 20 санасида мамлакатимиздаги фаол тадбиркорлар билан учрашган эди.
“Тадбиркорликни ривожлантириш – биз учун стратегик вазифа. Бизнинг таянчимиз ҳам, суянчимиз ҳам, энг катта кучимиз ҳам шу соҳада мужассам. Шу боис тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш марказдан тортиб энг қуйи бўғингача – барча раҳбарларнинг кундалик иши бўлиши шарт. Айниқса, жойларда ҳокимлар ҳар бир тадбиркор билан кўпроқ мулоқот қилиб, корхоналарга бориб, уларнинг дарди билан яшаши керак” деган эди мамлакат етакчиси ўз нутқида.
Учрашув якунида давлатимиз раҳбари тадбиркорларнинг лойиҳа ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга доим тайёрлигини таъкидлаган эди.
Орадан етти кун ўтиб, “Тадбиркорлар учун тенг шароитлар ва адолатли рақобат муҳитини таъминлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди. Фармонга кўра, қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи ставкалари 2028 йил 1 январгача оширилмаслиги белгиланди.
2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январгача тикув-трикотаж, пойабзал ва чарм-атторлик саноати йўналишларида ишлаб чиқариш фаолиятини юритаётган ва белгиланган шартларга жавоб берадиган тадбиркорлар учун фойда солиғи ва ўзларининг ходимлари учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкалари 1 фоиз этиб белгиланди. Бу қуйидаги барча шартларга бир вақтнинг ўзида жавоб берадиган тадбиркорлик субъектларига амал қилади:
– жами ходимлар сонининг камида 15 фоизи Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ёки Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларнинг аъзоларидан ташкил топганда;
– ҳар ойда ҳар бир ходимга иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг икки бараваридан кам бўлмаган миқдорда ҳисобланганда;
– солиқ даврида тикув-трикотаж, пойабзал ёки чарм-атторлик маҳсулотларини реализация қилишдан тушган умумий тушуми жами товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромаднинг камида 90 фоизини ташкил этганда.
2025 йил 1 апрелдан даромадидан қатъи назар, фармацевтика маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи ёки тиббий хизмат кўрсатувчи юридик шахслар ҚҚСни тўловчилар деб эътироф этилади. Бунда реализация қилинган товарлар (хизматлар) бўйича берилган онлайн назорат-касса техникаси ёки виртуал касса чеклари, расмийлаштирилган электрон ҳисобварақ-фактуралар ҳамда бошқа ташқи ва ички маълумотлар асосида солиқ органлари томонидан қўшилган қиймат солиғи бўйича ҳисоботлар автоматик тарзда шакллантириб борилади.
Тадбиркорларга ташқи молия бозорларига чиқишга кўмаклашиш маркази ташкил қилинади.
Марказ ҳар йили камида 100 нафар тадбиркорга халқаро молия институтлари, хорижий молия ташкилотлари ва бошқа кредит ташкилотларидан давлат кафолатисиз маблағлар жалб қилиш бўйича консалтинг хизматлар кўрсатади.
2025 йилда айланма маблағларини тўлдиришга ажратиладиган кредитлар учун “Савдони ривожлантириш компанияси” АЖга (Компания) 100 миллион АҚШ доллари миқдорида қўшимча маблағ ажратилади.
2025 йил 1 январдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини калибровка қилиш ва махсус идишларда қадоқлаш лойиҳалари ҳамда айланма маблағларини тўлдириш учун Компания ресурслари ҳисобидан миллий валютада револьвер кредитлар ажратилади.
2025 йил 1 январдан божхона чегарасидан олиб чиқиладиган ҳар бир килограмм пахта ип-калаваси учун йиғим унинг экспорт нархидан 2 фоиз миқдорда, бироқ 0,05 АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда ўрнатилади. Божхона чегарасидан олиб чиқиладиган ҳар бир килограмм трикотаж мато учун йиғим унинг экспорт нархидан 1 фоиз миқдорда ўрнатилади.
Фармонга кўра, Бош вазир ўринбосарлари, республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, Бизнес-омбудсман, Савдо-саноат палатаси ҳамда давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган тижорат банклари раҳбарлари ҳар ой график асосида маҳаллаларга чиққан ҳолда ҳамда тематик ёндашув асосида тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар ташкил қилади, тадбиркорлик фаолиятида юзага келаётган масалалар юзасидан «йўл хариталари»ни тасдиқлайди ва муаммолар тезкорлик билан ҳал этилишини таъминлайди.
Учрашувларда кўтарилган мурожаатлар «Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот» электрон платформасига киритилади, ваколатли органлар томонидан ўрнатилган тартибда кўриб чиқилади. Бизнес-омбудсман платформага киритилган мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддатига риоя этиш устидан назорат ўрнатади ҳамда қонунбузилиш ҳолатлари бўйича тегишли таъсир чораларини қўллайди.
Умиджон Қурбонов,
ЎзА