Бош прокуратуранинг Фуқаролик суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бошқармаси томонидан 2022-2024 йилларда фуқаролик судларида солиқ тизими идораларига ишга тиклаш билан боғлиқ кўрилган ишлар ва меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши аҳволи таҳлил қилинди.

Аниқланишича, судларда бу йўналишда жами 77 иш кўрилган ва шундан 50 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишда қонун талаблари бузилганлиги сабабли суд қарорларига асосан улар ишга тикланган.

Суд қарорлари билан ишга тикланган шахсларга иш ҳақи ва етказилган маънавий зарар учун 1 миллиард 69 миллион сўм иш ҳақи ва маънавий зарар ундириш белгиланиб, шундан 841 миллион сўм тўлаб берилган.

Прокуратура органлари томонидан солиқ тизими масъул мансабдор шахсларидан 186 миллион сўм давлатга етказилган зарарни регресс тартибида давлат фойдасига қайтариб ундириш ҳақида фуқаролик ишлари бўйича судларга 40 та прокурор даъво аризалари киритилиши таъминланган.

Шу билан бирга, меҳнат қонунчилиги талаблари бузилганлиги юзасидан Солиқ қўмитаси раиси номига тақдимнома киритилиб, бошқарма ходимлари ҳамда масъуллар иштирокида муҳокама қилинди.

Муҳокама давомида қонун талабларига тўлиқ риоя этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Н.Абдураимова, ЎзА