И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни байрами муносабати билан “Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат таянчи, халқимиз фахри!” шиори остида. маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда ҳарбий хизматчилар ҳамда маданият ва санъат ходимлари, талаба ва ўқувчи ёшлар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар музей фаолияти ҳақида гапирган бўлса, ҳарбий хизматчилар Қуролли Кучларда олиб борилаётган кенг ислоҳотларга тўхталди. Шунингдек, сўнгги йиллардаги миллий армиямизга бўлган эътибор, Ватан ҳимоячиларининг ижтимоий-ҳуқуқий масалалари муҳофазаси ҳақида сўз борди.
Мулоҳазаларга бой ўтган суҳбатдан кейин иштирокчилар музейнинг кутубхонаси ҳамда “Ўзбекистон: саҳродаги авангард” кўргазма лойиҳаси билан танишди. Ҳарбий хизматчилар XX асрнинг биринчи ярмида яратилган И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи ва Ўзбекистон давлат санъат музейи ашёлари ҳамда коллекцияларидан иборат рангтасвир ва графика, шунингдек, миллий санъат асарларини томоша қилди.
* * *
Оролбўйи иқтисодиётига сармояларни жалб қилиш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов шу кунларда Хитой Халқ Республикасида бўлиб турибди.
Учрашувлар давомида икки томонлама манфаатли ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилиш ва янги лойиҳалар бўйича муҳим келишувларни амалга ошириш мақсад қилинган. Энергетика ва саноат, қишлоқ хўжалиги, технология ва инновация соҳаларида инвестиция киритиш бўйича келишувлар кўриб чиқилмоқда.
Ўз навбатида хитойлик тадбиркорлар мамлакатимиздаги сармоявий муҳит ва иқтисодий ислоҳотларга юқори баҳо берди. Улар ўзлари билан бирга замонавий технологиялар, молиявий ресурслар ва халқаро тажриба олиб келишга тайёр эканликларини билдирди.
* * *
Мажбурий ижро бюроси Нукус шаҳар бўлими ходимлари томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида умумий меросдан фуқарога тегишли бўлган улуш ундириб берилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманлараро судининг 2024 йил 13 майдаги қарорига асосан қарздор Т.Б.дан ундирувчи Е.Т. фойдасига умумий меросдан улуши учун 68 миллион 895 минг 834 сўм ундириш белгиланган.
Ушбу суд қарори Мажбурий ижро бюроси Нукус шаҳар бўлимининг иш юритувига келиб тушган ва ижро ҳаракатлари олиб борилган. Жумладан, жорий йилнинг 9 январь куни фуқарога меросдан тегишли 68 миллион сўмдан ортиқ пул маблағи қарздордан ундириб берилиб, суд қарори ижроси таъминланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири