Маълумки, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да амалга ошириш бўйича давлат дастури ва уни тасдиқлаш тўғрисида Президент фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Мазкур лойиҳа www.uzbekistan2030.uz веб-сайтига жойлаштирилди ва жорий йилнинг 22 январь  кунига қадар кенг жамоатчилик ва экспертлар муҳокамаси учун ҳавола этилди.

Давлат дастури лойиҳасининг беш йўналишида 295 та амалий чора-тадбир, 87 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат рўйхати, шунингдек, ҳар бир йўналиш кесимида мақсадли кўрсаткичлар назарда тутилган.

Хусусан, лойиҳанинг 79-мақсади –“Янги Ўзбекистонни барпо этишда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар ролини янада ошириш” қисмида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталарининг илмий-тадқиқот ташкилотлари, таҳлил марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган алоҳида 14-банд киритилди. Унда Қонунчилик палатаси қўмиталари томонидан ўз фаолият йўналишига мос илмий-тадқиқот ташкилотлари, таҳлил марказлари рўйхатини шакллантириб, улар билан ҳамкорлик меморандумларини имзолаш ҳамда шулар асосида ҳамкорлик режаларини тасдиқлаш каби чораларни амалга ошириш режалаштирилди.

Бугунги глобал муаммолар ва тез ўзгараётган вазиятлар даврида давлат бошқарувининг самарадорлигини ошириш ва демократик тамойилларни мустаҳкамлашда парламентлар ва тадқиқот марказлари ўртасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этмоқда.

Парламент қонунчилик ҳокимиятининг асосий институти сифатида мамлакатда стратегик қарорлар қабул қилишда ҳал қилувчи рол ўйнайди. Шу билан бирга, тадқиқот марказлари илмий асосланган таҳлиллар, тавсиялар ва инновацион ечимларни тақдим этиш орқали парламент фаолиятини қўллаб-қувватлайди.

Бундай ҳамкорликнинг асосий жиҳатлари, аввало илмий-тадқиқот ташкилотлари, экспертлар ва таҳлил марказлари Қонунчилик палатасига зарур маълумот ва таҳлилларни тақдим этиш орқали парламент фаолиятини самарали олиб боришга кўмаклашади. Бу, қарор қабул қилиш жараёнида асосланган ва натижага йўналтирилган ёндашувларни таъминлайди.

Иккинчидан, тадқиқотчилар билан ҳамкорлик орқали депутатлар учун махсус семинарлар, тренинглар ва мастер-класслар ташкил этиш, уларнинг билимини ошириш, замонавий тенденциялар ва давлат бошқаруви соҳасидаги муаммоларни чуқурроқ тушуниш имконини беради.

Яна бир жиҳати, бюрократиянинг камайиши, илмий асосланган қарорларни қабул қилиш, парламент фаолиятининг шаффофлиги ва самарадорлигини оширади. Бундай ёндашув фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини мустаҳкамлайди.

Бундан ташқари, ҳудудий, ижтимоий ёки иқтисодий муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича тадқиқотлар ўтказиш орқали парламент аниқ фактлар асосида қарорлар қабул қилади.

Тадқиқот марказлари жамоатчилик фикрини ўрганиб, уни парламентга етказиб, демократик жараёнларда жамоатчилик иштирокини таъминлайди.

Ҳозирги глобал муаммолар, иқлим ўзгариши, рақамли технологиялар, миграция каби йўналишлардаги илмий марказлар парламентга замонавий ёндашувларни таклиф қилиши ҳам айни жиҳатлардан саналади.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Парламент ва тадқиқот марказлари ўртасидаги ҳамкорлик давлат бошқарувининг самарадорлигини оширишда, жамият эҳтиёжларига мос ечимлар топишда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзаро ҳамкорлик механизмларини ривожлантириш нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги масалаларни ҳал этишда ҳам катта имкониятлар яратади.

Нилуфар Дониёрхожаева,

“Тараққиёт стратегияси” маркази бўлими бошлиғи

ЎзА