Ўзбекистонда буғдой ўсимлигида касалликни қўзғатувчи замбуруғларнинг 26та тури қайд этилган. Сариқ ва қўнғир занг, ун-шудринг, септориоз, сариқ доғланиш, илдиз чириш ҳамда қоракуя кабилар шулар жумласидандир. Ушбу касалликлар ичида энг хавфлиси сариқ занг бўлиб, у ҳосилни деярли нобуд қилади ва экинларга жиддий зиён етказади.

Ғалла майдонлари профилактик ишловдан сўнг мунтазам кузатиб борилиши керак. Касаллик белгилари пайдо бўлса, такрорий ишловлар ўтказилиши зарур. Ўртача 23 даражадан юқори бўлган ҳароратда касаллик ривожланиши тўхтайди. Аммо, замбуруғ ўлмайди, ҳарорат пасайганда яна кўпайишни давом этаверади.

Албатта унга қарши даво мавжуд, бироқ деҳқонларимизнинг катта маблағи эвазига бартараф этилади. Масалан, бир гектар майдонга ўртача 300 минг сўмлик фунгицид пуркаш талаб этилади ва бу бир мартада бартараф бўлмайди. Ушбу дори пуркалганидан сўнг экология, атроф-муҳитга катта зиён етиши мумкин. Бундан ташқари ишчиларнинг иш ҳақлари, техника, ёқилғи сарфини ҳисобга олсак фермерларга қанчалик қийин бўлишини тасаввур қилса бўлади.

Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти олимларининг саъй-ҳаракати билан ушбу сариқ занг касаллигига чидамли  янги буғдой нави яратилди. Ҳозирда тажриба-синов майдонларида кўпайтирилмоқда. Келгусида республикамиз бўйича оммавийлаштириш режа қилинган.

– Занг касаллиги буғдой ривожланишида энг хавфли касаллик деб тан олинган, – дейди Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти бўлим бошлиғи, доцент Дилшод Мусулмонов. – Сўнгги пайтларда занг касаллигига қарши навлар юртимизда кўпайиб бормоқда. Биз жаҳон генофонди асосида бир қанча навлар яратдик. Булар: “Обод”, “Нурафшон”, “Барқарор”, “Оқсув” навлари.

Бизни шароитда асосан сариқ занг касаллиги кенг тарқалган бўлиб, ғалла ҳосилдорлиги бўйича 20 йиллик тадқиқотлар натижасида занг касаллигини чуқур ўрганганимизда касаллик кучли келган йилларда 90 % ҳосилдорлик пасайиб кетишига сабаб бўларкан.

Институтимиз томонидан янги навлар бўйича бошланғич уруғлик тайёрлаш йўлга қўйилди ва янги навлар айнан занг касаллигига бардошли эканлиги маълум бўлди.

Умуман ҳар бир соҳада илм қилиш, янгилик яратиш игна билан қудуқ қазигандек мураккаб жараён. Ёш олим Дилшодбекнинг соҳага қўйган меҳри ва метин иродаси, 12 йиллик машаққатли меҳнати эвазига Ўзбекистоннинг иқтисодиёти ва қишлоқ хўжалиги тараққиётига хизмат қилувчи янги нав яратилди.

Жорий йилда Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институтининг ўзи ҳам катта маблағ эвазига капитал таъмирланади, олимларга етарлича шарт-шароитлар яратилади. Янги лаборатория ускуналари келтирилади ва ўйлаймизки ана шундай ихтиролар юртимизда бардавом бўлади.

Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА