Республика Маънавият ва маърифат маркази Элликқалъа туман бўлинмаси томонидан маҳаллаларда ижтимоий маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида маҳалла ёшлар етакчилари билан йиғилиш ўтказилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этишдек улуғ мақсадга эришиш йўлида асосий таянчимиз бўлган шижоатли ёшларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларга барча соҳаларда ўз иқтидори ва салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиб бериш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.

Тадбирда бир қатор маҳалла етакчилари сўзга чиқиб, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ҳудудларда ижтимоий муҳитни яхшилаш ва жиноий ҳолатларни камайтириш йўллари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. “Aтроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да маънавий-маърифий соҳада амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилади.

Тадбир якунида “Кино-карвон” лойиҳаси доирасида Ёшлар ишлари агентлиги томонидан тайёрланган “Илм олиш”  номли видеоролик намойиш этилди. Маҳалла ёшлар етакчилари билан биргаликда видеороликнинг мазмун-моҳияти муҳокама қилинди.

– Билим ва маънавият мустаҳкам бўлса, иқтисодиёт ҳам яхши ривожланади, деган эди давлатимиз раҳбари – дейди республика Маънавият ва маърифат маркази Элликқалъа туман бўлинмаси раҳбари Aйша Матниязова. – Ёшлар билан ишлашнинг янгича бошқарув механизмларини жорий этиш, улар билан ишлашнинг вертикал тизимини яратиш, ёшлар муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этиш, таълим муассасаларида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида Президентимизнинг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Учрашувни ўтказишдан мақсад ёшлар ҳаётидаги муаммоларнинг маҳаллаларнинг ўзида ҳал этиш, улар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, уларни миллий қадриятларимизга ҳурмат, она Ватанга садоқат руҳида тарбиялашдан иборат.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири