Маълумки, таклиф талабга қараб шаклланаверади. Бугунги кунда юртимиз кўчаларида ҳаракатланаётган автомобиллар хилма-хиллиги, узоққа бормайлик бундан беш йил олдингига нисбатан солиштирганда, бутунлай бошқача манзара акс этмоқда.

Бунга сабаб эса айнан талаб асосида автомобиль импортининг кенгаяётганидир. Жумладан, бугунги давр электромобилларга ҳам эҳтиёжни оширмоқда. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонга 2024 йилнинг январь-ноябрь ойларида хориждан қиймати 1 184,5 млн. АҚШ долларига тенг бўлган 68 684 дона енгил автомобиль (электромобилларни қўшган ҳолда) импорт қилинган.

Шу ўринда савол туғилади: юртимизга ўтган йили энг кўп қайси давлатлардан, қанча автомобиль импорт қилинди? 

2024 йилнинг 11 ойида энг кўп енгил автомобиль импорт қилинган давлатлар рўйхати маълум қилинди. Маълумотга кўра Япониядан 152 дона, Ҳиндистондан 577 дона, АҚШдан 633 дона, Кореядан 11 266 дона, бошқа давлатлардан 353 дона ва энг кўп эса Хитойдан 55 703 дона енгил автомобиль импорт қилинган.

Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА