Ватанимиз тарихидаги 8 январь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1474 йил (бундан 551 йил олдин) – форс-тожик шоири, нақшбандийлик тариқатининг йирик вакили, Алишер Навоийнинг дўсти ва устози Абдураҳмон Жомий Макка сафаридан Ҳиротга қайтиб келди. Адабиётшунос олим Шуҳрат Сирожиддиновнинг ёзишича, Жомий неча марта Ҳажга боргани манбаларда қайд этилмаган. Аммо мамлакатда энг улуғ обрў ва эътиборга сазовор бўлиб, Хуросоннинг пешвосига айланган давридаги Ҳаж сафари тарихда мухрланган.
Фахриддин Али Сафийнинг “Рашаҳот айн ул-ҳаёт” асарида ана шу тарихий Ҳижоз сафари тафсилотлари берилган. Фахриддин Али “Ҳазрат махдумнинг муборак ҳаж сафарига юзланиши ва ушбу сафарда юз берган воқеалар баёни” номли махсус бўлимда Ҳазратнинг сафарга чиқиш санасини аниқ кўрсатади: “Ул киши 877 йилнинг муборак рабиулаввал ойининг ўрталарида (1473 йил август) муборак ҳаж сафарига отландилар”. Жомийнинг Макка сафаридан қайтиши ва Ҳиротга кириб келиш санаси эса мазкур бобнинг охирида “шаъбон ойининг ўн саккизинчиси” билан белгиланган (1474 йил 8 январь).
1918 йил (бундан 107 йил олдин) – Қўқонда Туркистон Мухторияти аскарларининг кўриги ўтказилди. Шу куни қуролланган қўшин сони 500 кишини, шундан 200 нафарини отлиқ аскарлар ташкил этган. Бундан ташқари қўрбоши кичик Эргаш қўлида 50 га яқин, шаҳарда эса 150 аскар мавжуд бўлган. Қатьий чора-тадбирлар кўрилиши натижасида қўшин сони кўпайтирилган. Тадқиқотчи Салима Мадярованинг ёзишича, мухторият эълон қилинган дастлабки кунларданоқ ҳукумат миллий армияси, милициясига рўйхатдан ўтиш бошланган эди.
Кўрикдан бир кун ўтгач, 9 январда Туркистон Мухторияти аскарларининг биринчи ҳарбий намойиши ҳам ўтказилади. Намойишда Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев Туркистон Мухторияти аскарларини ўзи ва янги ҳукумат аъзолари номидан табриклади. Унинг Туркистон ёшларида ватанпарварлик ҳиссини уйғотувчи, ватан посбонларини янада руҳлантирувчи нутқида шундай жумлалар бор эди: «Сизлар Туркистон Мухториятининг биринчи қаҳрамонлари бўлдингиз, бундан фахрлансангиз арзийди, чунки сизлар Ватанга биринчи марта ўз ихтиёрингиз билан аскар бўлдингиз. Мен сизларни мухториятли Туркистон ҳукумати аъзолари номидан табрик қиламан».
1937 йил (бундан 88 йил олдин) – Германияда ўқиб келган собиқ талабалардан бири, Европа андозасидаги биринчи ўзбек кимёгар олими Саттор Жаббор Германиянинг жосуси сифатида қамоққа олинди. Унга қўйилган айблар оз бўлмаган. Шулардан бирида айтилишича, Саттор Жаббор 1931 йилда жосуслик ишларини олиб бориш учун Германиядан СССРга махсус юборилган.
У гўё Ўзбекистонга қайтганидан бери Шўрсув конларидаги олтингугурт ва Олмалиқ конларидаги руда захираларининг миқдори, шунингдек, Чирчикдаги бир қатор саноат корхоналари, Марғилон ва Намангандаги пиллачилик фабрикаси, Тошкентдаги кислород заводи хақидаги махфий маълумотларни воситачилар орқали Германияга етказиб турган.
Академик Наим Каримовнинг қайд этишича, маҳбуснинг бу ахмоқона айбларни рад этиши осон бўлмади. У 1938 йил 9 октябрда отувга ҳукм қилинди ва ҳукм зудлик билан ижро этилди. Саттор Жаббор қизиллар қатағон машинасининг қурбонига айланди.
1947 йил (бундан 78 йил олдин) – Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон дунёга келди (вафоти 2020 йил). Унинг “Ўзбекистон аскарлари” қўшиғи миллий армиянинг биринчи саф қўшиғига айланган.
1951 йил (бундан 74 йил олдин) – ёзувчи, журналист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Хуршид Дўстмуҳаммад дунёга келди. Унинг меҳнат ва ижодий фаолияти давлатимиз томонидан юқори баҳоланиб, “Шуҳрат” медали, “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси тузилди. Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 19 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонуни билан 8 январь – Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни этиб белгиланди.
1997 йил (бундан 28 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистонда миллий рақс ва хореография санъатини ривожлантириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2007 йил (бундан 18 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2018 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Ушбу қонуннинг асосий вазифалари маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашдан иборат.
2019 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон экологик партиясининг таъсис қурултойи бўлиб ўтди ва унда янги партия таъсис этилди. Мамлакатнинг экологик барқарор ривожланишига, экологик хавфсизликка эришиш, ҳозирги ва келажак авлод учун қулай атроф-муҳитни яратиш ҳамда табиий ресурсларни сақлашга йўналтирилган давлат сиёсатини рўёбга чиқаришни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурсларни сақлаш давлат, жамият ва мамлакат ҳар бир фуқаросининг вазифаси бўлишига эришишга кўмаклашиш партиянинг асосий ғояси ҳисобланади.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учун кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2024 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим ташкилотлари талабаларининг ҳақ тўланадиган малака амалиётини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА