2021 йил 22 июнда “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятига «E-qaror» электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

Қарорга мувофиқ, “E-qaror” электрон тизими республиканинг барча даражадаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятига жорий этилиб, қабул қилинаётган қарор ва фармойишларнинг мониторингини юритиш адлия органлари зиммасига юклатилган.

Қарор ижроси доирасида Адлия вазирлигида “E-qaror” электрон тизими орқали мониторинг жараёнларини такомиллаштириш, амалга оширилган ишлар ҳамда амалиётдаги камчиликлар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш юзасидан семинар ўтказилди.

Вазирлик томонидан асоссиз яширилган ҳамда ноқонуний равишда эълон қилинган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари ҳудудий адлия бошқармаларига таъсир чораларини қўллаш ва қарорларни қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлаштириш учун юборилиб келинмоқда ҳамда доимий равишда мониторинг ишлари амалга оширилмоқда.

Семинарда ҳудудий адлия бошқармалари масъул ходимлари томонидан тизимни такомиллаштириш, шунингдек, мониторинг жараёнларини жадаллаштириш юзасидан бир қанча таклифлар билдирилди. Жумладан, тизимга бир қанча платформаларни интеграция қилиш ҳамда тизим орқали қарорларни қабул қилиш, ҳуқуқий экспертиза ҳамда мониторинг (таҳлил) қилиш жараёнларига сунъий интеллектни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Н.Абдураимова, ЎзА