Мамлакатимизда алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг айланиши соҳасидаги давлат назоратини амалга оширишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошидаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекциясининг фаолияти такомиллаштирилгани муносабати билан унинг ваколатларини қонун ҳужжатларида аниқлаштириш зарурати юзага келмоқда.

Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси мажлисида шу ҳақда сўз юритилди.

Унда “Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Шунинг учун мазкур қонун билан “Давлат божи тўғрисида”ги, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги ҳамда “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонунларга ушбу Инспекциянинг ваколатларини белгилашга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилмоқда.

Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш, алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси фаолиятига берилган лицензия учун йиллик давлат божини тўлашнинг муддати белгиланмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, экспертлар ҳамда маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссиялари билан биргаликда ҳар томонлама ва батафсил кўриб чиқилди.

Мажлисда Солиқ, Божхона қўмиталари ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошидаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекциясининг ахборотлари ҳам эшитилди.

Мажлис якунида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Н.Абдураимова, ЎзА