Фуқаролик ишлари бўйича Қўнғирот туманлараро судининг 2021 йил 12 июлдаги буйруғига асосан А.А.нинг фойдасига унинг тарбиясидаги икки нафар вояга етмаган фарзандининг таъминоти учун У.Б.нинг ҳар ойдаги жами даромадининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.

Ижро ҳаракатлари давомида, қарздор алимент пулларини ўз вақтида тўламасдан келган ва ўзининг яшаш манзилида бўлиб келмаган. Шунинг натижасида унинг алимент пулидан қарздорлиги 2025 йил 1 январь ҳолатига 42 миллион сўмдан ошган.

Жорий йилнинг 7 январь куни қарздор ўз уйида топилиб, бюронинг туман бўлими биносига олиб келиниб, жараёнга ундирувчи ҳам жалб қилинди. Шу куннинг ўзида ходимлар ундирувчи ва қарздорга берилган тушунтириш ишлари натижасида ажрашган томонларнинг ярашишига эришилди. Натижада икки нафар фарзанд эндиликда тўлақонли оилавий муҳитда вояга етадиган бўлди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири