Германия Федератив Республикасининг Тошкентдаги элчихонасида Германия Бундестагининг “Халқаро парламент стипендияси” (IPS) дастури учун номзодларни саралаш учрашуви ташкил этилди. Суҳбатни Бундестаг аъзоси Кай Геринг олиб борди.

Ўзбекистон – Германия кўпқиррали ҳамкорлик муносабатларида парламентлараро алоқалар ҳам муҳим ўрин тутади. Икки давлат парламентлараро алоқалари тарихи жуда бой бўлиб, унинг янада тараққий этиши икки мамлакат учун алоҳида аҳамиятга эга.

Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонаси ташаббуси билан мамлакатимиз 2020 йилда биринчи маротаба Германия Бундестагининг “Халқаро парламент стипендияси” (IPS) дастурига киритилган эди. Дастурда Ўзбекистон ва Германия ўртасида парламентаризм алоқаларини янада ривожлантириш, ушбу йўналишдаги ўзаро ҳамкорликнинг кенгайтиришга кўмаклашиш вазифалари назарда тутилган.

– Мазкур дастурда 50 давлатдан жами 120 нафар иштирокчи Германия Бундестаги томонидан молиялаштириладиган стипендия ёрдамида Берлин шаҳрига ташриф буюриб, Германиянинг парламент тизимини ўрганиш имкониятига эга бўлади, – дейди Германия парламентининг “Яшиллар” партияси депутати, Фан-таълим бўлими бошлиғи Кай Геринг. – Дастурнинг мақсади иштирокчиларни сиёсий қарорлар қабул қилишнинг демократик жараёни билан бевосита таништиришга қаратилган. Иштирокчилар жаҳон демократияси, Германиядаги очиқлик сиёсати, қадрлаш маданияти, бу ердаги университетларнинг таълим тизими ҳақида ҳам кенг маълумотларга эга бўлиш билан бирга турли давлат вакиллари сифатида улар ўзаро ҳамжиҳатлик ва дўстлик ришталарини ўрнатади.

Таъкидланганидек, беш ой давомида иштирокчилар Германия парламенти депутатлари жамоасида фаолият олиб боради. Ушбу давлат парламент тизими, қонун ҳужжатлари ва сиёсий қарорлар ишлаб чиқиш жараёни билан яқиндан танишади. Турли семинар, учрашув ва амалий машғулотларда иштирок этади. Шу билан бирга, Берлин университетларининг ўқув тадбирларида қатнашади.

Мазкур стипендия учун талабгорлар 30 ёшдан ошмаган, олий маълумотли, немис тилини биладиган, сиёсий ва ижтимоий ҳаётда фаол бўлиши талаб этилади.

– Мен “Халқаро парламент стипендияси” дастурининг 2020/2021 йилдаги иштирокчисиман, – дейди Жамшид Каримов. – Беш ой давомида Германия парламентининг депутатлар идорасида малака ошириб қайтганман. У ерда Европа парламенти тизими, унинг ишлаш механизмлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдим, янги билимлар орттирдим. Юртимга қайтгач, докторантурада таълимни давом эттиряпман. Ҳозирда Иқтисодиёт университети ҳамда Германиянинг Констанц университети таълими асосидаги илмий ишимни якунлаш арафасидаман. Германия парламентида орттирган тажрибамни келгуси фаолиятимда ўринли қўллаган ҳолда юртимиз тараққиёти учун хизмат қилиш ниятидаман.

Камола Юсупова, ЎзА мухбири