Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси фуқароларга келгусида тайинланадиган пенсияга аввалроқ тайёргарлик кўриш зарурлигини маълум қилмоқда.

Пенсия ҳисоблашда фуқаронинг расмий ишлаган даври ва солиқ тўланган иш ҳақи (даромади) инобатга олинади. Фуқаро расмий ишлаб, даромад олгани сари йилма йил пенсия ҳуқуқи шаклланиб боради. Демак, ҳар бир фуқаро иш фаолияти ва даромадини расмийлаштириш орқали пенсияга тайёргарлик кўриб боради.

Пенсия миқдори кўпроқ чиқиши учун эса қуйидагиларда эътиборли бўлиш керак:

– Меҳнат фаолияти расмий шаклда кетаётгани, ишланаётган ташкилотда иш стажи ёзиб борилаётганига ишонч ҳосил қилиш (Буни ходим ўзи мустақил равишда my.gov.uz портали орқали текшириб олса бўлади);

– Иш берувчидан иш стажлари тўғрисидаги маълумотлар рақамлаштирилишни талаб қилиш;

– Ходим ташкилот томонидан расмий шаклда иш ҳақи тўланаётганлигига эътибор бериши лозим. Бунда, ходим ҳисобланган иш ҳақи, ҳақиқатан қўлига оладиган иш ҳақи, ушлаб қолинаётган даромад солиқлари, жамғариб борилаётган пенсия учун ўтказилаётган маблағлар ва бошқаларни доимий равишда текшириб бориши лозим;

– Агар ходим норасмий шаклда фаолият юритаётган бўлса, ўз-ўзини банд қилган ҳолда рўйхатдан ўтиб, Пенсия жамғармасига белгиланган тартибда ижтимоий солиқни тўлаб бориши ва бу орқали иш стажини кўпайтириб бориши мумкин;

– Пенсия қонунчилигига оид янгиликлар, маълумотлар билан мунтазам равишда танишиб бориш, киритилаётган ўзгариш ва қўшимчалардан хабардор бўлиб туриш;

– Агар фуқаролар ҳозирда меҳнат фаолияти билан шуғулланмаётган бўлсалар, у ҳолда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимларига меҳнат дафтарчасидаги маълумотларини рақамлаштиришни сўраб мурожаат қилишлари лозим.

Меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотлар ҳозир рақамлаштириб қўйилса, пенсияга чиқиш вақти келганда ортиқча оворагарчиликнинг олди олинади.

Юқоридаги тавсиялар асосида меҳнат фаолиятини олиб бориш билан келгусида фуқароларнинг пенсия таъминоти кафолатланади.

Қўшимча маълумотлар, пенсияга оид ҳар қандай масала бўйича Пенсия жамғармасининг 1271 рақамли ишонч телефонига мурожаат қилиб, жавоб олиш мумкин.

М.Эшмирзаева, ЎзА