2024 йил 22 ноябрда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг муҳофазасини кучайтиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди.
Мамлакатимизда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар умумий майдони 6,321 миллион гектар бўлиб, мамлакат ҳудудининг 14,08 фоизини ташкил этади.
Аммо, сўнгги пайтларда ноқонуний ов қилиш, браконьерлик туфайли ҳайвонот ва наботот оламининг айрим турлари сони тобора камайиб, табиатга жиддий зарар етмоқда.
Маълумотларга қараганда, 2022 йилда 1 минг 637, 2023 йилда 1 минг 522, жорий йилнинг 6 ойида эса 449 дарахтни қасддан шикастлантириш билан боғлиқ қонунбузилишлар аниқланган.
Ўрганишлар соҳада қонунчиликни янада мустаҳкамлаш, қурилиш ҳамда урбанизация кўламининг жадал кенгайиши аҳоли пунктларига тушаётган экологик салбий босимни камайтириш механизмларини такомиллаштиришни тақозо этди.
Шу мақсадда қабул қилинган янги қонун билан амалдаги 2 кодекс ва 2 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, Жиноят кодексига ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Жиноят кодексининг 202-моддасига электр токини, портловчи, кимёвий моддаларни ёки биологик препаратларни қўллаган ҳолда ов қилиш ёхуд балиқ овлаш учун 150 миллион сўмдан 225 миллион сўмгача (БҲМнинг 400 бараваридан 600 бараваригача) жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.
Оғирлаштирувчи ҳолатларда ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузишда қўшимча жазо сифатида муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси киритилди.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам ўзгартиришлар киритилди. Кодекснинг 90-моддасида ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек, ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузганлик учун кўзда тутилган жарималар миқдори икки бараварга оширилди.
Мазкур кодекснинг 79-моддасига кимёвий, биологик ва бактериологик воситалардан фойдаланган ҳолда, шунингдек, бинолар, иншоотлар ёки бошқа объектларни қуриш, қайта қуриш, реконструкция қилиш ёхуд ўз ҳудудида қўшимча бино ва иншоотларни қуриш ҳамда капитал таъмирлаш вақтида дарахтларга, буталарга ёки бошқа ўсимликларга қасддан шикаст етказиш, пайҳон ва нобуд қилиш ҳуқуқбузарликлари учун жавобгарлик белгиланди.
Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ўз ҳудудида биноларни, иншоотларни ёки бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш чоғида белгиланган талабларни бузиб, кимёвий, биологик воситаларни қўллаган ҳолда дарахтларни, буталарни ёки бошқа ўсимликларни қасддан шикастлантириш, пайҳон қилиш ёки йўқ қилганлик учун фуқароларга 13,1 миллион сўмдан 18,7 миллион сўмгача (БҲМнинг 35 бараваридан 50 бараваригача), мансабдор шахсларга эса 22,5 миллион сўмдан 28,1 миллион сўмгача (БҲМнинг 60 бараваридан 75 бараваригача) жарима белгиланди.
Ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини бузганлик, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик икки бараварга оширилди.
Шу билан бирга, экология давлат инспекторининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик, уларнинг кўрсатмаларини бажармаганлик учун жавобгарлик ҳам кучайтирилди.
Жиноят кодекси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган мазкур қўшимча ва ўзгартиришлар билан қилмишнинг ижтимоий хавфлилиги даражасидан келиб чиқиб жазо чораси белгиланади.
Бундан ташқари, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги ҳамда “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги қонунлар нормалари ўзаро мувофиқлаштирилди. Шунингдек, ушбу қонунлардаги ов қуроли, шу жумладан, балиқ овлаш қуроли билан боғлиқ ҳуқуқий бўшлиқлар бартараф этилди.
Қонун ўсимликлар ҳамда ҳайвонлар турларини муҳофаза қилиш билан бирга уларнинг сони кўпайтирилишига, ўсиш ва яшаш шароитлари яхшиланишига замин яратди.
Экологик барқарорликни таъминлаш, табиий ресурсларнинг ҳимояланишига хизмат қилади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА