Собиқ “Турист” меҳмонхонасида яшовчилар нимадан норози?

Самарқанд вилояти ҳокимининг телеграм мессинжерига Самарқанд шаҳар Гагарин кўчаси, 85 “б” уй, 71-хонадонда яшовчи Н.Эгамбердиевнинг қилган мурожаати Самарқанд шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилди.

Хабарингиз бор, Самарқанд шаҳридаги собиқ “Турист” меҳмонхонаси 2015 йилдан қайта таъмирланиб, аҳолига янги уй сифатида сотилди. Ариза муаллифи мазкур кўпқаватли турар-жойдан хонадон сотиб олган.

“13-қаватдан 66 квадрат метрлик хонадонни (2 хоналик) 105 600 000 сўмга банкдан кредит олиб сотиб олдим, – дейди у мурожаатида. – Бизга берилган ваъдалар бажарилмади. Яшаётганимизга 3 йил бўлса-да, газ ва сув ҳисоблагичлар ўрнатилмаган. Подъезд деворлари ёрилиб кетган, эшик ва дераза ромлари сифати ўта паст материаллардан ясалган, яқин орада тўкилиб тушса, ажабмас. Турар-жойнинг орқа томонидан кириб чиқишга мажбурмиз, негаки бинонинг олд кириш қисми номаълум сабабларга кўра, сотиб юборилган. Мавжуд камчиликлар бўйича қурилиш ташкилотига бир неча бор мурожаат қилдик. Улар ҳар сафар бизга қоп-қоп ваъдалар бериб, тузатиб беришини таъкидларди. Кўпқаватли бинонинг 13-қаватида яшайман. Лифтимиз эски бўлгани учун кунда 10 мартагача бузилиб қолаверади. Аслида биз кўчиб кираётганимизда янги лифт ўрнатилади, дейишганди. Ҳозирги лифтимиз 30-40 йил ишлатилиб, яроқсиз аҳволга келиб қолган (бино меҳмонхона бўлган пайтида ишлатилган лифт, ҳалигача алмаштирилмаган). Болалар ўйингоҳи умуман талабга жавоб бермайди, номигагина қурилган. Камчиликлари жуда кўплиги учун ширкат уйимизни қабул қилмаяпти. Сиртдан қараганда, бино жуда чиройли, маҳобатли кўринади, аммо ичкариси…” ва ҳоказо.

Мазкур шикоят хати Самарқанд шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутасаддилари томонидан қурилиш ташкилоти масъул ходими ва аризачи иштирокида ўрганиб чиқилди.

Бино “Турист уют сервис” масъулияти чекланган жамияти томонидан реконструкция қилинган бўлиб, ҳақиқатда қурилиш ишларида Н.Эгамбердиев таъкидлаб кўрсатган камчиликларга йўл қўйилган. Қурилиш ташкилоти раҳбари Баҳодир Эшмуродов мавжуд камчиликларни зудлик билан август ойининг биринчи ўн кунлигидан бошлаб ташкилот маблағлари ҳисобидан бартараф этишга киришишини маълум қилди.

Нима ҳам дердик?! Камчиликлар тўғрилангач, мавзуга яна қайтармиз.

 

ЎзА