МДҲга аъзо мамлакатлар Туризм бўйича кенгашининг навбатдаги мажлиси 2019 йили Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади

Душанбе шаҳрида МДҲга аъзо мамлакатлар давлат ахборот агентликлари журналистларининг иккинчи пресс-тури ўз ишини якунлади. Анжуманда Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, Беларусь ва Россия Федерацияси давлат ахборот агентликлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Ҳамдўстлик мамлакатларида туризмни ривожлантиришда стратегик ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, ёшлар туризмини ривожлантириш, бу борада ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
IMG_20180811_102500.jpg
Анжуманда маълум қилинганидек, МДҲга аъзо мамлакатлар Туризм бўйича кенгашининг навбатдаги мажлиси 2019 йили Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади. Бу қарор Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат кўмитаси раиси ўринбосари Абдулазиз Аққулов таклифи билан кенгаш аъзолари томонидан қабул қилинди.
Анжуманнинг иккинчи куни халқаро пресс-тур иштирокчилари Тожикистоннинг Ҳисор шаҳрида бўлиб, ХVI асрда барпо этилган «Қалъаи Ҳисор» қалъасини кўздан кечирди. Шунингдек, атоқли тожик шоири Мирзо Турсунзода номидаги шаҳарни бориб кўрди. Сурхондарё вилояти Узун туманининг шундоққина биқинида жойлашган ушбу шаҳар жамоатчилиги журналистларни “Хуш омадед, биродароне хабарнигор! Хуш омадед!» («Хуш келибсиз, журналист биродарлар! Хуш келибсиз!») деб карнай-сурнай билан кутиб олди.

 

Ирисмат Абдухолиқов, ЎзА Душанбе шаҳри.