Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
— Мамлакатимизда йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, ҳаракат иштирокчилари учун қулай ва хавфсиз шароитларни яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, — деди ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашрапов. — Аммо айрим ҳайдовчилар томонидан яшил ҳудудлар, пиёдалар ва велосипед йўлакларидан юриш ҳолатлари юз бермоқда. Бу каби ҳуқуқбузарликлар бўйича халқаро тажрибада маъмурий жавобгарликлар белгиланган. Шундан келиб чиқиб, ушбу қонун лойиҳасида транспорт воситаларини тротуарлардан, велосипед йўлкаларидан, яшил ҳудуд майдонларидан юргизишнинг олдини олишга қаратилган нормалар белгиланмоқда.
Шунингдек, аҳоли томонидан ноқонуний равишда йўлнинг қатнов қисмига тўсиқлар ўрнатиш ёки йўлларни тўсиб қўйиш, транспорт воситалари ва фуқароларнинг ҳаракатига тўсқинлик қилиш ҳолатларига чек қўйиш учун жавобгарлик чоралари назарда тутилмоқда. Бу каби ҳолатлар бўйича ҳам халқаро тажриба ўрганилганда, кўплаб давлатларда жавобгарлик масалалари кўзда тутилганига гувоҳ бўлдик.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши йўлларда ҳаракат иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг эркин ҳаракатланишига шароит яратиш, ҳайдовчиларнинг масъулиятини ошириш ва турли йўл ҳаракатига оид фалокатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси бўйича депутатлар айрим саволларни ўртага ташлади ва масъуллар тегишли жавоблар қайтарди. Шундан сўнг лойиҳа биринчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА