Бу – қизиқ

Ер юзидаги энг машҳур, севимли таомлардан бири – пиццанинг тарихи, тайёрланиши ва истеъмоли ҳақида қизиқарли маълумотлар бор.

Маълумотларга кўра, мазкур таомнинг келиб чиқиши қадимги Греция, Миср ва Римга тақалади. Антик Римда “panis focacius” номи билан танилган, ноннинг устига турли хил масаллиқ қўшиб тайёрланган егулик бўлган. Замонавий пицца эса ХХ аср ўрталарига келиб Неаполда пайдо бўлган.

1889 йил Қирол Умберто I ва Малика Маргaрита ди Савоя шу шаҳарда жойлашган “Пиззериа Бранди” емакхонасига ташриф буюради. Ошпаз Раффаэле Эспозито уларга махсус пицца тайёрлаб беради. Таом помидор, моззарелла пишлоғи ва базилика билан безатилган эди. Кейинчалик айнан шу таом Италия қироличаси шарафига “Маргaрита” номи билан бутун дунёга тарқалади.

Ушбу таом асосчиси сифатида танилган Раффаэле пицца тайёрлаш санъатини ривожлантириб, халқ орасида машҳур қилган. Дарвоқе, айнан “Маргaрита” бугунги кунда ҳам жаҳондаги энг оммавий мумтоз пицца турларидан биридир.

Бугунги кунда ушбу егуликни бутун дунё бўйлаб севиб истеъмол қилишади. Масалан, Америка Қўшма Штатларида Чикагоча “чуқур” ва Нью-Йорк услубидаги “ингичка қиррали” пицца мавжуд. Океан орти юртида ҳар йили 3 миллиарддан кўп пицца паққос туширилади. Бу ўртача ҳисоблаганда ҳар бир америкалик йилига тахминан 46 та пицца ейди, дегани.

Табиийки, пицца Европада жуда кенг тарқалган. Италия ушбу таом ватани сифатида пицца тайёрлашнинг барча анъанавий услубларини сақлаб қолган. 2012 йил айнан Апеннин ярим оролида пиширилган энг улкан пицца – “Оттавиа”нинг ҳажми 1261 квадрат метр эди. Германия, Франция ва Испанияда ҳам мазкур енгил таомнинг ўзига хос турлари учрайди.

Осиё мамлакатлари таомномаларидан ҳам пицца муносиб ўрин эгаллаган: Хитойда маҳаллий масаллиқлар қўшилган турлари, Японияда эса ноёб “суши пицца” каби.

Пицца тайёрлашда одатда помидор аралашмаси, моззарелла пишлоғи, турли хил гўшт (пепперони, колбаса) ва сабзавот (зайтун, пиёз) ишлатилади.

Дунё аҳли ҳар йили 9 феврални “Пицца куни” сифатида нишонлайди. Хуллас, Италиянинг миллий таоми – пицца эндиликда бутун дунёда тановул қилинадиган таомга айланган.

Мусулмон Зиё, ЎзА