Президент Шавкат Мирзиёев 6 декабрь куни Тошкент вилоятига ташриф буюриб, транспорт, энергетика ва туризм соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболли лойиҳалар билан танишди.
Давлатимиз раҳбари дастлаб “Тошкент – Хўжакент” йўналишида янги электропоездни кўздан кечирди.
Президентнинг ўтган йил 10 октябрдаги қарорига мувофиқ, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти трансформация қилинмоқда. Жамият таркибида инфратузилма, вагон хизмати, йўловчи ташиш кабилар билан шуғулланувчи 6 та мустақил корхона иш бошлади.
Поездлар парки ҳам кенгайтирилмоқда. Айниқса, йўловчи ташишда аҳоли ва туристларга қулайликлар оширилмоқда. Янги поездлар олиб келинди. Тошкентдан Самарқанд, Бухоро, Қарши каби тарихий шаҳарларимизга “Афросиёб” электропоездларининг қатновлари кўпайтирилди.
Ўтган даврда юртимизда 3 минг километрдан зиёд темир йўллар электрлаштирилди. Бухоро – Урганч – Хива темир йўл тармоқларини электрлаштириш якуний босқичда. Мискин – Нукус йўналишида жадал давом эттирилмоқда. Тошкент атрофида ҳам электрлашган йўл қурилиб, поездларни ўтказиш имконияти 30 фоизга ошди.
Энди “Тошкент – Хўжакент” йўналишида янги электропоезд қатновга қўйилмоқда. Давлатимиз раҳбари ушбу поездга чиқиб, ҳаракатланиши ва қулайликларини кўрди.
Вагонлар шинам ва ёруғ, йўловчилар учун қулай. Ўриндиқлар сони 586 та. Маълумот таблолари ва ёнғин хавфсизлиги тизими ўрнатилган. Поезд соатига 120 километргача тезликка чиқа олади. Ҳар бир тарафга кунига учтадан қатнов йўлга қўйилади.
Сафар чоғида давлатимиз раҳбари темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш, йўловчилар учун шароитларни яхшилаш, темир йўлларни электрлаштириш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бўйича мутасаддиларнинг ҳисоботларини тинглади.
Тошкент ва Хўжакент оралиғидаги темир йўлга туташ майдонларни 2025 йилги реновация дастурига киритиб, уларни тартибга келтиришга кўрсатма берилди. Йўналишдаги эгри қисмларни тўғри қилиб қайта қуриш орқали кунлик экспресс поездлар қатновини кўпайтириш ва кўпроқ йўловчиларга хизмат кўрсатиш учун шароит яратиш топширилди.
«Яшил макон» лойиҳаси доирасидаги ишлар ҳам муҳокама қилинди. Темир йўл четларини кўкаламзорлаштириш, сув ресурслари чекланган ҳудудларда хорижий тажриба асосида қурғоқчиликка чидамли ўсимликларни экиш, чет элдан фақат маҳаллий иқлимимизга мос бўлган кўчатларни келтириш зарурлиги қайд этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманига ташриф буюриб, бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Хушманзара тоғлар бағридаги бу ҳудуднинг драйвери, албатта, туризм. Сўнгги йилларда инфратузилма яхшиланиб, йилнинг барча фаслида мароқли ҳордиқ чиқариш имконияти яратилди. Дам олиш, соғломлаштириш, чанғи, саёҳат, умумий овқатланиш мажмуалари барпо этилди. Эски санаторий ва болалар оромгоҳлари янгиланди.
Хусусан, беш йил аввал туманда 2 минг 240 ўринли 26 та маскан бўлган бўлса, шу даврда соҳага 2 триллион сўмдан зиёд инвестиция киритилиб, 13 мингдан кўп ўринга эга 59 та йирик туризм иншооти ишга туширилди. Асосий автомобиль йўли таъмирланиб, қўшимча йўллар қурилди.
Буларнинг натижасида туризм жадал ривожланди, ташриф буюрувчилар 12 баробарга ошди. Жумладан, беш йил олдин Бўстонлиққа йилига 850 минг сайёҳ келган бўлса, бу йил 11 ойнинг ўзида 12 миллион нафар ташриф буюрган.
Бу суръат изчил давом этмоқда. Давлатимиз раҳбари шундай лойиҳалар билан танишди.
Чирчиқ дарёси бўйида “Чорвоқ дарвозаси” туристик мажмуаси қурилмоқда. Қарийб 25 гектар майдондаги мажмуада 16 та кўп қаватли уй, 3 та меҳмонхона, 2 та супермаркет, 60 дан зиёд савдо ва маиший хизмат шохобчалари, кафе ва ресторанлар, банк офиси, аквапарк, мусиқали фаввора, автотураргоҳ бўлади. Бинолар тепасига қуёш панеллари ўрнатилади. Дарё устида сайр учун шишали кўприк қурилади.
Мажмуа кунига 5 мингдан ортиқ кишига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади. Мавсумийлари билан бирга 2 минг 500 та иш ўрни яратилади.
Президентимиз хизмат турларини кўпайтириб, фаол туризмни ривожлантириш, бундай мажмуаларни бошқа туманларда ҳам лойиҳалаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Ҳудудда экологияга алоҳида эътибор бериш, яшилликни кўпайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Президент Шавкат Мирзиёев Бўстонлиқ туманида барпо этилаётган “Ugam River” туристик мажмуасини ҳам бориб кўрди.
Угам дарёси бўйидаги бу маскан илгари тўла фойдаланилмаган, тошлоқ жой эди. Бу йил 1 триллион сўмликдан зиёд лойиҳа доирасида қарийб 14 гектар майдонда қурилиш бошланди. Ҳозирда 17 та кўп қаватли уй қад кўтармоқда. Улар 5, 6 ва 7 қаватли, 870 хонадондан иборат бўлади.
Шунингдек, 16 та коттеж, 3 та ресторан, йигирмадан ортиқ савдо ва хизмат шохобчалари қурилади. Болалар ўйингоҳлари, ёпиқ сув ҳавзаси, фитнес ва спорт майдончалари, амфитеатр, автотураргоҳ, автомобиль кўприги, тоғ ва соҳил бўйи йўлаклари ҳам ташкил этилади.
Ушбу қулайликлари билан янги мажмуа йилига 200 минг нафар ташриф буюрувчига хизмат кўрсата олади. Бу туманнинг туризм салоҳиятини янада оширади. Биринчи босқич – кўп қаватли уйларни келаётган йилнинг бошида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари шундай хонадонлардан бирини кириб кўрди.
Сайёҳлар кўпроқ чиройли табиатга, тоза ҳавога интилади. Шуни инобатга олиб, мавжуд дарахтзорга қўшимча 20 минг туп кўчат ўтқазилади. Замонавий технологиялар воситасида кунига 1 минг метр куб дарё суви қайта ишланади. 2 мегаваттлик термал иситиш ва совитиш тизими йўлга қўйилади.
Президентимиз соҳа мутасаддиларига ҳудуд тарғиботини кенгайтириб, бундай масканларга сайёҳларни жалб этиш бўйича кўрсатмалар берди.
Туризм лойиҳалари туфайли иш ўринлари кўпаймоқда. Шу билан бирга, аҳолининг анъанавий шаклланган касб-ҳунарларини ҳам асраш кераклиги таъкидланди. Масалан, туман асал, лимон етиштириш учун мос. Уларни ривожлантириш табиий муҳитни асраб-авайлаш нуқтаи назаридан ҳам муҳим.
Давлатимиз раҳбари Бўстонлиқ туманига ташрифи чоғида “Угам-1” кичик гидроэлектр станциясини кўздан кечирди.
Мамлакатимизда энергия қувватларини оширишда барча манбалардан фойдаланилмоқда. Хусусан, ҳудудларда кунлик энергия таъминотида гидроэнергетика қулай ва самарали. Улар умумий тармоққа уланмасдан ҳар бир ҳудуд ва маҳалла кесимида электр билан таъминлай олади. Олинадиган электр таннархи ҳам бошқа манбаларга нисбатан анча арзон. Шу боис кейинги йилларда бу соҳани ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Сўнгги йилларда юртимизда 630 миллион доллар инвестиция ҳисобидан 400 мегаваттдан ортиқ янги гидроэлектр станциялари барпо этилиб, уларнинг қуввати 2,2 гигаваттга етказилди.
Тошкент вилоятида умумий қуввати 1 минг 330 мегаватт бўлган 25 та гидроэлектр станцияси мавжуд. Бу республикамиздаги жами гидроэнергетика қувватининг 60 фоизига тенгдир. Бугунги кунда қиймати 880 миллион доллар ва қуввати 340 мегаватт бўлган яна 4 та ГЭС қурилмоқда. Шунингдек, 2028 йилгача вилоятда умумий қуввати қарийб 2 минг 400 мегаватт бўлган, 4 миллиард 800 миллион долларлик 23 та лойиҳа амалга оширилади.
Қуввати 1,48 мегаватт бўлган ушбу “Угам-1” кичик ГЭС қуриш орқали йилига 11,8 миллион киловатт соат экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқариш имкони яратилди. Замонавий самарадор гидроагрегатлар ва автоматик бошқарув тизими ўрнатилди. Эътиборлиси, бунда тўлиқ маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлатилган.
Лойиҳани амалга ошириш натижасида ҳудуддаги Чорбоғ, Хумсон ва Угам маҳаллалардаги 5 мингта хонадон ҳамда туризм ва дам олиш масканлари узлуксиз электр энергияси билан таъминланади. Йилига қарийб 4 миллион метр куб газ тежалади.
Ҳозирча Угам дарёсида иккита кичик ГЭС қурилди. Уларнинг ҳар биридан йилига икки юз миллиард сўм даромад олинаяпти. Сув оқимидан такрор-такрор файдаланиш орқали бундай станцияларни ўнтагача етказиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Бу билан нафақат энергетика масаласи ҳал бўлади, балки ҳудуд инфратузилмаси ҳам яхшиланади. Тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги корхоналари пайдо бўлади.
Давлатимиз раҳбарига ҳудудларда режалаштирилган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Соҳага хорижий инвестиция ва хусусий секторни жалб қилиб, 2030 йилга қадар жами қувватларни 6 минг мегаваттга етказиш белгиланган. Бунинг учун ҳуқуқий, иқтисодий шароитлар яратилган. Жумладан, мамлакатимиз бўйича икки мингтагача микро ва кичик ГЭСлар қуриш имконияти бор.
Президент Бўстонлиқ туманида ташкил этилаётган янги туризм масканида бўлди.
Бу ерда зарур инфратузилма яратилиб, капсула шаклидаги уйлардан иборат замонавий дам олиш маскани барпо этилмоқда. Шунингдек, ресторанлар, дор йўллари ва чанғи учиш майдонлари бўлади.
Ойнаванд капсула уйларнинг ўзига хос томони, улар енгил, кўчма, камхарж. Катта қурилиш қилинмаслиги боис табиатга ҳам зиён етказмайди.
Давлатимиз раҳбари бундай уйларни Бахмал, Шаҳрисабз, Бойсун каби бошқа туризм масканларида ҳам ўрнатиш сайёҳлар эътиборини тортишини таъкидлади.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири