Юн Сок Ёль олдинги давлат раҳбарлари юзлашган аянчли интиҳодан хавотирдами?
Жанубий Корея парламентини қўзғатган, мамлакатнинг демократияга содиқлигини синовдан ўтказмоқчи бўлган Президент Юн Сок Ёль сешанба кунги телевидение орқали мурожаатида мамлакат ҳарбий ҳолатга ўтганини эълон қилди. Орадан 24 соатдан камроқ вақт ўтиб давлат раҳбарининг сиёсий келажаги жар ёқасига келиб қолди, чунки кўчаларда норозилик намойишлари, унга қарши импичмент жараёни бошланиб кетди.
Бу юртда ҳарбий ҳолат охирги марта 1979 йил, ўша пайтдаги ҳукмдор давлат тўнтариши натижасида ўлдирилиши туфайли жорий этилган. Ҳозир демократия барқарор бўлган мазкур ўлкада, негадир, Юн мамлакатни хавфли кучлардан қутқариш учун ҳарбий бошқарув зарурлигини даъво қилиб чиқди. Мухолифат назоратидаги Миллий ассамблеяни эса ҳукуматни “фалаж қилишга уринаётган жиноятчилар уяси” деб атади.
Ҳарбий ҳолат жорий қилингандан бир неча соат кейин ғазабланган намойишчилар ва қонунчилар Миллий кенгаш олдида тўплангач, етакчи сўзидан қайтишга мажбур бўлди. Зеро, депутатларнинг кўпчилиги қарорга қарши чиққан эди.
Бу ҳайратланарли декларациядан кўзланган мақсад, аслида, 2022 йил бўлиб ўтган президентлик сайлови билан боғлиқ бўлиши мумкин. Яъни, ўшанда Жанубий Корея тарихидаги энг кичик фарқ билан ғалаба қозониб, ўзига тўлақонли бўйсиндира олмаган ҳокимиятни Юн Сок Ёль энди бутунлай қўлга олишни истаётгандек.
Бундан ташқари давлат рахбари ҳукуматнинг 2022 йил охирида Сеулда 159 кишининг ўлимига сабаб бўлган “Halloween” байрамидаги даҳшатли воқеага муносабати учун ҳам кўп танқид қилинди. Қолаверса, рафиқаси қимматбаҳо сумкани совға сифатида олгани ҳақидаги миш-миш ҳам Корея етакчисининг обрўсини яхшигина туширди. Бу воқеа матбуотда анча вақт “катта ҳарфлар билан” ёритилди. Етмаганига шу йил апрелда Юннинг партияси парламент сайловида мағлуб бўлиб, унинг “оқсоқлиги”ни янада сездирди. Шу ҳафта эса у мухолиф қонунчилар билан мамлакат бюджети учун сиёсий курашга киришди. Сешанба оқшомидаги нутқида Юн Сок Ёль Ассамблеяга “либерал демократик тизимни йўқ қиладиган йиртқич” дея таъриф берди.
Бинобарин, Президент мамлакати ва олиб борилаётган сиёсатни нотўғри талқин қилган кўринади. Унинг сўнгги мурожаати кўпчилик унутаёзган даҳшатли даврни эслатворди. Ҳатто, телевизорда янгиликларни ўқиётган журналистлар титраётгани ҳам яққол сезилди.
1980 йил аксарияти талабалардан иборат демократия тарафдорлари Кванжу шаҳри кўчаларига чиқиб, ҳарбий ҳолатга норозилик билдирганда, армия вазиятни зўравонлик билан изга солишга уринган ва 200 га яқин инсон ҳалок бўлган.
Ҳарбий ҳолат уч йил давом этган 1979-1981 йиллари амалда бўлган ҳарбий бошқарув 1987 йилгача чўзилди. Ўшанда ҳукуматга қарши чиққан фаоллар коммунистик жосуслар сифатида ҳибсга олинган ёки ўлдирилган.
Жанубий Корея сиёсий доираларида Юн ҳарбий ҳолат жорий этиш ҳақида ўйлаётганига доир миш-миш бир неча ой олдин пайдо бўлган. Сентябрь ойида мухолифат етакчилари ва айрим партиялар аъзолари бунинг имкони борлигини айтган, асосий кўпчилик эса экстремал вариант сифатида рад этган.
Тарих билан боғлиқ қўрқув
Корея Республикасининг биринчи аёл раҳбари Пак Кин Хе ҳокимиятни суистеъмол қилиш ва коррупцияга йўл қўйишда айбдор деб топилиб, қамоққа ташланган. Ундан аввалги етакчи Ли Мён Бак “акциялар нархини сунъий бошқаришда иштирок этгани” учун тергов қилинган ва 2020 йил коррупция ва порахўрликда айбланиб, 17 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Яна бир собиқ президент Ро Му Хён 2009 йил мисли кўрилмаган миқдорда пора олганликда айбланиб, тергов пайти ўз жонига қасд қилган.
Хуллас, Жанубий Кореяда давлат раҳбарларини таъқиб қилиш сиёсий воситага айлангандек тасаввур уйғотади кишида. Демак, Президент Юн Сок Ёль нима учун бундай кескин чоралар кўришга қарор қилганини қисман тушуниш мумкиндек.
Мақсад нима бўлишидан қатъи назар, жамоа вазиятни тиклаш учун курашади. Гарчи, у истеъфо тўғрисидаги чақириқларга дуч келаётган, ҳатто баъзи маҳаллий ОАВ “Халқ кучи” партияси аъзолари Юнни сафдан чиқаришни муҳокама қилаётгани ҳақида ёзаётган бўлса-да…
Мусулмон Зиё, ЎзА шарҳловчиси