Самарқандда Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги(МДҲ)га аъзо мамлакатларнинг Монополияга қарши сиёсат бўйича давлатлараро кенгашининг 57-мажлиси бўлиб ўтди.
Тадбирда ташкилотга аъзо давлатлар монополияга қарши курашиш идоралари раҳбарлари ва делегациялар вакиллари иштирок этди.
Мажлис аввалида Монополияга қарши сиёсат бўйича давлатлараро кенгаш раиси Максим Шаскольский, Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Халилулло Тўрахўжаев бундан олдинги йиғилишдан кейин амалга оширилган ишлар, бу галги мажлис кун тартибидан ўрин олган масалалар ҳақида сўз юритди.
Жумладан, Х.Тўрахўжаев бугунги кунда рақамли технологиялар талабларига жавоб бериш учун монополияга қарши механизмларни такомиллаштириш ва халқаро ҳамкорликни чуқурлаштириш зарурлигини қайд этиб, бу иқтисодий ўсиш ва халқларимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Мажлис иштирокчилари аввалги йиғилиш қарорларининг бажарилиши, ҳамдўстликка аъзо давлатларда рақобат сиёсатининг асосий жиҳатлари, ҳамда қонунбузилишининг олдини олиш бўйича ҳисоботни кўриб чиқдилар. Сўзга чиққанлар рақобат сиёсатини ривожлантириш бўйича ўз мамлакатларида амалга оширилаётган ташаббуслар ҳақида маълумот бериб, монополияга қарши курашиш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Замонавий рақамли иқтисодиёт шароитида янги ёндашувларни ишлаб чиқиш ҳамда халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
– Монополияга қарши курашиш ва рақобат муҳитини яхшилаш давлат иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатиб, тараққиётга хизмат қилади, – дейди Қирғиз Республикаси Монополияга қарши курашиш ва тартибга солиш хизмати раҳбари Женали Ўразбаев. – Бу ҳар бир давлатнинг ўз иқтисодий сиёсатидан келиб чиқса-да, умумий мақсад ва қарашларимиз муштарак. Шунинг учун Монополияга қарши сиёсат бўйича давлатлараро кенгашининг мажлисларида бу борада ўзаро тажриба алмашиб, илғор иш услубларини ўрганамиз. Бир-биримизга боғлиқ иқтисодий муносабатлар юзасидан қонунчиликни такомиллаштириш бўйича фикрлашиб оламиз. Самарқандда ўтказилган навбатдаги мажлисимизда ҳам бу борада қатор келишувларга эришдик.
Кенгаш аъзолари рақобат муҳитини ривожлантириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақамли бозорларни тартибга солиш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар. МДҲ давлатларининг рақобатни ҳимоя қилиш ва адолатли бозор муҳитини яратиш йўлида биргаликда амалга оширилаётган ҳаракатлари минтақада иқтисодий барқарорлик ва ривожланишни таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Фарруx Карабаев қўмита фаолияти, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда давлатимизнинг жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш жараёни ҳақида тақдимот қилди. Тақдимотда давлатимизнинг чуқур рақамли трансформация жараёнидан ўтаётгани ва рақамли платформаларни тартибга солувчи янги қоидалар жорий этилгани, рақобат қонунчилигини бузганлик учун жарималар миқдори оширилгани ва қўмита таклифига биноан давлат томонидан 13 та эксклюзив ҳуқуқнинг бекор қилингани алоҳида қайд этилди.
Тадбир доирасида рақобат сиёсатини ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва антимонопол масалаларни самарали ҳал этишдаги ютуқлари учун мажлис иштирокчиларининг бир гуруҳи Монополияга қарши сиёсат бўйича давлатлараро кенгаш ҳамда МДҲ давлатларининг монополияга қарши органлари мукофотлари топширилди.
Монополияга қарши сиёсат бўйича давлатлараро кенгашнинг 57-мажлисида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли ҳужжатлар қабул қилинди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири