Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти 2024 йилнинг III чораги учун реал самарали алмашув курси (REER) индекси бўйича ҳисоб-китобларни эълон қилди.

Маълумотларга кўра, индекс 10 та асосий савдо ҳамкоридан ташкил топган кичик гуруҳ ва 20 та асосий савдо ҳамкоридан иборат катта гуруҳ бўйича ҳисобланди. Кичик гуруҳнинг улуши 70 фоизни, катта гуруҳнинг улуши эса 83 фоизни ташкил этди. 2024 йилнинг апрель-июнь ойларида REER индекси кичик гуруҳ бўйича 106,4, катта гуруҳ бўйича эса 105,2 бўлган. Июль-сентябрь ойларида эса бу кўрсаткичлар мос равишда 106,1 фоиз ва 104,9 фоизга тушди.

Экспертларнинг таъкидлашича, REER индекси пасайишининг асосий сабаблари сифатида ўзбек сўмининг айрим савдо ҳамкорлари валюталарига нисбатан қадрсизланиши билан боғлиқ. Жумладан, Россия рублига нисбатан 0,86 фоизга, Хитой юанига нисбатан эса 1,0 фоизга қадрсизланиш қайд этилган. Шунингдек, Туркиядаги юқори инфляция даражаси ҳам REER индекси пасайишига таъсир кўрсатган.

REER индекси пасайиши экспорт нархларининг рақобатбардошлигини ошириб, импорт нархларининг кўтарилишига олиб келади. Бу эса ташқи савдо балансида ижобий ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин.

2024 йилнинг III чорагида экспорт ва импорт ҳажмлари ўртасидаги тафовут сезиларли даражада камайган. Умумий экспорт ҳажми 6,78 миллиард АҚШ долларини, импорт эса 9,60 миллиард долларни ташкил этган. Тафовут 2,8 миллиард доллар миқдорида бўлиб, 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 38,4 фоизга камайган. Олтинсиз экспорт ҳажми 5,18 миллиард долларга етган ва импорт билан тафовут 24,3 фоизга қисқарган.

Экспертлар келгуси йил охиригача ўзбек сўмининг мўътадил девальвацияси шароитида REER индекси барқарор даражада сақланишини таъкидлайди. Бу эса экспорт ҳажмини ошириш ва ташқи савдо диверсификациясини рағбатлантиришга хизмат қилиши мумкин.

МҲТИ таҳлиллари ташқи иқтисодий сиёсатда самарали қарорлар қабул қилиш учун муҳим кўрсаткич бўлиб хизмат қилади.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади,  

ЎзА