Президентимизнинг 2022 йил 11 майдаги “Давлат бошқаруви соҳасида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятидаги коррупциявий хавф-хатарлар баҳолашдан ўтказилмоқда.
Қарор ижроси доирасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги «Ўзбектелеком» акциядорлик компаниясида ўрганиш ўтказди.
Акционерлик жамиятига юклатилган 33 функция баҳолашдан ўтказилди. Унга кўра, 11 функцияда хавф-хатар даражаси – «юқори», 19 та функцияда – «ўрта», 3 функцияда – «паст» даража қайд этилди.
Қайси функцияларда коррупциявий хавф-хатар даражаси «юқори» баҳоланган?
Булар жумласига тармоқлардан биргаликда фойдаланиш ва тармоққа ўзаро уланиш, телекоммуникация хизматларини тақдим этиш бўйича услубий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш, реклама хизматларининг барча турларини кўрсатиш тўғрисида тузилган шартномалар бўйича реклама агентликлари томонидан шартнома мажбуриятларининг сифатли бажарилиши, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида компания фаолиятининг ёритилиши ва маълумотлар берилиши устидан назоратни амалга ошириш киради.
Ташқи иқтисодий фаолиятда қатнашиш, шу жумладан, хорижий алоқа маъмуриятлари ва операторлар билан шартномалар тузиш, хорижий давлатлар ҳудудида ўрнатиладиган ва фойдаланиладиган телекоммуникация қурилмаларини сотиб олиш ёки ижарага олиш орқали телекоммуникация хизматларини кўрсатиш ҳам шулар жумласига кирган.
Бундан ташқари, компания ходимлари ва акциядорлар талаб ва эҳтиёжларини қондириш мақсадида дам олиш масканлари, шу жумладан, болалар оромгоҳлари, ёрдамчи хўжаликлар, меҳмонхона, жисмоний соғломлаштириш, аҳолига оммавий овқатланиш ва маиший хизматлар кўрсатиш, шунингдек, бошқа муассасаларни ташкил этиш, профилактик-даволаш, тиббий-маслаҳат (консультатив) муассасалари ва ижтимоий инфратузилманинг бошқа объектларини ташкил этиш, компания тармоқ ресурсларидан фойдаланувчи телекоммуникация операторларига телекоммуникация хизматларини кўрсатиш учун ҳисобланган нархларни белгилаш, қурилиш, реконструкция ва фуқаролик иншоотларини таъмирлаш каби ҳолатларда ҳам коррупциявий хавф-хатар даражаси «юқори» баҳоланган.
Эслатиб ўтамиз, коррупциявий хавф-хатар юқори функциялари кўп бўлган ташкилот «энг коррупциялашган», коррупциявий хавфи юқори бўлган лавозимдаги шахслар «коррупционер» ёки аксинча коррупциявий хавф-хатари асосан «паст» бўлган ташкилотлар «коррупциядан ҳоли» ҳисобланмайди.
Ушбу ҳолатлар мазкур ташкилотларда назорат чоралари етарли йўлга қўйилганлиги ёки аксинча қўшимча назорат чоралари кўрилиши кераклигини, шу билан бирга, ташкилот раҳбарлари коррупциявий хавфи юқори бўлган жараён (функция)лар ва уларни бажарувчи лавозимларни алоҳида назоратга олишига сигнал берувчи омил саналади.
Ҳозирда «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича дастур асосида мавжуд хавф-хатарларни бартараф этиш бўйича зарур ишлар амалга оширилмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА