Иқтисодиёт ва молия вазирлиги масъуллари ҳамда Осиё тараққиёт банки делегацияси ўртасида ҳамкорлик имкониятларига бағишланган учрашув ўтказилди.

Унда инновацион молиялаштиришни стратегик қўллаб-қувватлаш, давлат-хусусий шериклик (ДХШ) лойиҳаларини амалга ошириш ва уларда «яшил» тамойиллардан фойдаланиш масалалари хусусида сўз борди.

Мулоқот чоғида барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш мақсадида мамлакатни ривожлантиришга ёрдам берувчи турли ресурс ва ёндашувларга урғу берилди. Шунингдек, ДХШ орқали инвестицияларни рағбатлантириш ташаббуслари ва Ўзбекистон билан ОТБ ўртасидаги ҳамкорликнинг янги йўналишларини ўрганиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Унда устувор йўналишлар муҳокама қилиниб, ОТБ ҳукумат қарашларини техник экспертиза ва маслаҳат ёрдами орқали қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.

Вазирлик ахборот хизматига кўра, учрашув якунида мамлакатнинг молиявий-иқтисодий тизимларини такомиллаштириш учун стратегик ечимларни амалга ошириш ва томонлар бу борада ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олди.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади,

ЎзА