2013 йил БМТ Бош Ассамблеяси 68-сессиясида 2 ноябрни «Журналистларга қарши жиноятлар учун жазосизликка барҳам бериш халқаро куни» сифатида эълон қилиш тўғрисидаги резолюция қабул қилинди. Ҳужжат ташкилотга аъзо давлатларни жазосизликка қарши аниқ чоралар кўришга чақиради. Бу сана ўша йил 2 ноябрь куни Малида ўлдирилган икки француз журналисти хотирасига танланган.

Ушбу муҳим резолюция журналистлар ва оммавий ахборот воситалари ходимларига нисбатан ҳар қандай ҳужум ёки зўравонлик ҳаракатини қоралайди. Бундан ташқари давлатларни журналистлар мустақил ва ортиқча аралашувсиз фаолият юритиши учун хавфсиз ва қулай муҳит яратишга чақиради.

UNESCO Бош директорининг 2022 йил чоп этилган «Журналистлар хавфсизлиги ва жазосизлик муаммоси тўғрисида»ги ҳисоботида Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси ҳамкасбларимизга нисбатан қотиллик энг кўп содир этиладиган минтақа экани таъкидланган.

1993 йилдан бери жами 1700 дан кўп журналист ўлдирилган. UNESCO томонидан олиб борилган таҳлилга кўра, ҳар 10 шундай қотилликнинг 9 таси, афсуски, суд томонидан очилмаган. Жазосизлик эса қотиллик кўпайиши, можаролар кучайиши ва қонун ҳамда суд тизими бузилиши аломати ҳисобланади.

Суиқасд ОАВ цензурасининг энг экстремал шакли бўлса-да, журналистлар ўғирлаш, қийноққа солиш ва бошқа турли жисмоний ҳужумлардан тортиб, айниқса, рақамли соҳадаги таъқибга қадар, сон-саноқсиз таҳдидларга ҳам тез-тез дучор бўлишади. Айниқса, зўравонлик ва ҳужум таҳдиди ОАВ ходимларида қўрқув пайдо қилиб, барча фуқаролар учун эркин ахборот, фикр ва ғоя оқимига тўсқинлик қилади. Хотин-қиз журналистлар таҳдидга, жумладан онлайн амалга ошириладиган ҳужумга қулай нишон ҳисобланади. UNESCO яқинда эълон қилган мунозарали мақолада журналист аёлларга нисбатан онлайн зўравонликнинг глобал тенденцияси мавжудлиги таъкидланиб, сўровда қатнашган  аёл ҳамкасбларимизнинг 73 фоизи фаолияти билан боғлиқ равишда онлайн таҳдид, қўрқитиш ёки ҳақоратга дучор бўлганини айтган.

Кўп ҳолларда мазкур муаммо билан боғлиқ воқеалар етарли текширилмайди. Бундай жазосизлик жиноят содир этганларга эркинлик беради, шу билан бирга жамиятда, жумладанжурналистларнинг ўзида ҳам қўрқув ҳиссини шакллантиради.

«Журналистларга қарши жиноятлар учун жазосизликка барҳам бериш халқаро куни» доирасидаги бу йилги асосий тадбирлар 2024 йил 6-7 ноябрь кунлари Африка Иттифоқининг Аддис-Абеба (Эфиопия) қароргоҳида бўлиб ўтади ва асосий эътибор инқироз ҳамда фавқулодда вазиятларда журналистлар хавфсизлигини таъминлаш мавзусига қаратилади.

М.Пирматова, ЎзА