Акс-садо

Дунё халқларининг ўзаро адабий алоқалари бутун инсониятнинг маданий, маънавий баркамолликка эришишида, жаҳон адабиёти тараққиётида катта аҳамиятга эга бўлиб келган.

Шу кунларда бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам Махтумқули-Фироғий таваллудининг 300 йиллиги кенг нишонламоқда. Махтумқули туркий халқларнинг улуғ мутафаккири, донишманд шоир.  Бу санани кенг нишонлаш мақсадида Президентимиз томонидан қабул қилинган қарорда ҳам Махтумқулининг жаҳон адабиётидаги ўрни алоҳида эътироф этилган.

Ҳассос сўз санъаткорининг чуқур гуманизм билан суғорилган асарлари мард ва матонатли, меҳнаткаш туркман халқининг эзгу қадриятлари ва олийжаноб фазилатларини тараннум этиши, ҳамиша халқ билан ҳамдард бўлишга, турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган мазмун-моҳияти билан барчамиз, айниқса, ёшлар учун ибрат намунасидир.

Яқинда Президентимиз Шавкат .Мирзиёев шоир ва мутафаккир Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган халқаро форумда иштирок этди ва нутқ сўзлади. Давлатимиз раҳбарининг бу нутқи нафақат халқимизнинг, балки бутун жаҳон ҳамжамиятининг диққат эътиборидадир. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида “Махтумқули ўзбек халқи учун ҳам ғоят ардоқли ва суюкли сиймо экани билан биз ҳақли равишда фахрланамиз. Ул зот Хивадаги Шерғозихон мадрасасида таҳсил олган, дунёвий ва диний илмларни чуқур ўрганган. Айни вақтда у буюк ўзбек шоири Алишер Навоий ижодини юксак қадрлагани ҳам муштарак тарихимиз саҳифалари орқали яхши маълум.

Бугунги кунда ўлкамизда Махтумқулининг дилбар шеърлари ва қўшиқлари доимо янграб, қалбларимизда яшаб келмоқда. Ҳеч шубҳасиз, унинг боқий асарлари азалдан бир-бирига қардош ва елкадош бўлган халқларимиз ўртасидаги дўстлик туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда” дея таъкидлади.

Шу ўринда Генрих Гейне “Ҳар бир инсон Коинотдир, у инсон билан бирга туғилиб, бирга ўлади” деганида одамзотнинг коинот даражасида беқиёс кенг тафаккурга ва дунёвий илмларга интилиб яшашини ва бунда адабиётнинг ўрни беқиёс эканлигини назарда тутган, деб ўйлайман.

Биз буюк Махтумқули-Фироғий ижодига назар солсак, нафақат инсон оламини, балки бутун коинотнинг сир-асрорларини ҳам очиқ- ойдин тасаввур қила оламиз. Шоир “Билмасмисан” шеърида:

 

Махтумқули сўзламоқда тўққиз фалак Заҳроси

Етти юлдуз қардоши Ойнинг, Куннинг пораси…

Нури-дийдам чашмаси, Сафо, Мерве ораси,

Сулаймондек аҳдимни синдирганим билмасмисан?

 

деб таъкидлар экан, ҳар бир сатрда бутун коинот сир-асрорларига ишора қилади. Шеърдаги тўққиз фалак, етти юлдуз, Ой, Кун таърифлари Махтумқулининг кўнгил оламидаги коинотнинг шеърларидаги ифодасига айланганини кўрамиз.

Биз Махтумқулини нафақат шоир, балки донишманд файласуф, астроном, саёҳатчи, дунё харитасини яхши билувчи географ, бир сўз билан айтганда, дунёвий илмлар билимдони сифатида ҳақли равишда эътироф этамиз. У бутун коинотни, Ер куррасидаги мамлакатларни ва улар орасидаги масофаларни ҳам қуйидаги шеърида тўлиқ очиб берган.

Мағрибдан Машриқдир дунёнинг юзи

Бир юз қирқ олти минг оғоч бу дунё… (1 оғоч- 6 км)

…Ҳисоб этдим дунё бошдан оёққа

Уч юз олтмиш йиллик йўлдир бу дунё…

Бу шеърда денгиз ва дарёлар, улар орасидаги масофа, тоғлар, мамлакатлар ўртасидаги масофалар, саҳро, чўл, уларнинг чегаралари, дунё халқларининг тили сингари маълумотлар ўрин олганки, буни ўқиган инсон кичик бир шеърда галактика ва Ер шари тўғрисидаги ўз билимларини ошира олади.

Халқимиз Махтумқулини ўз шоири деб билади. Айниқса, шоир ижоди қорақалпоқ халқи мумтоз адабиётининг гултожи ҳисобланади.

Авлодларга минглаб шеър, достонлар қолдириб кетган қорақалпоқ халқининг беназир шоири Бердақнинг руҳий олами Махтумқулининг илҳом сарчашмалари билан бойиган.

Бердақ бир шеърида:

Махтумқулини ўқиганда,

Айтар эдим ҳар замонда,

Нуқсон борми беглар анда,

Сўзин тавоб қилар эдим…

дея таъриф берган.

Шунингдек, қоракалпоқ халқининг Ажиниёз, Кунхўжа, Умар, Ўташ сингари классик шоирлари ва ХХ аср адабиётидаги Содиқ Нуримбетов, Аббос Добилов, Тиловберган Жумамуродов, Ибройим Юсупов сингари атоқли намоёндалари ҳам Махтумқулини ўзига устоз деб билган.

Ажиниёзнинг “Бу дунёнинг кўрки одам боласи”, “Даврон бўлмади”, “Кўнглим менинг” каби кўплаб шеърлари Махтумқулининг руҳий оламини ёрқин акс эттиради.

Айниқса, Ўзбекистон Қахрамони, Қорақалпоғистон ва Ўзбекистон халқ шоири Ибройим Юсупов ижодида Махтумқулининг устозлик руҳини англаш мумкин. Ибройим Юсупов Махтумқули ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганган ва у ҳақда бир неча мақолалар ёзган, шеърларини қорақалпоқ тилига таржима қилган. Ибройим Юсуповнинг Махтумқулидан руҳланиб ёзган “Намасан”, “Тўйи Туркманнинг”, “Ёдимга тушди”, “Бўлмаса” каби шеърларини мисол қилиб келтириш мумкин.

Махтумқули “Намасан” шеърида шундай ёзади:

Қароқчими, ё саидми, хўжами,

Ё соқийми, ё шаробми, ё жомми,

Ё йилмисан, ё кундузми, кечами,

Ё Оймисан, ё Кунмисан намасан…

Ибройим Юсуповнинг шу услубда яратган шеъри шундай жаранглайди:

Йил ҳосил молига бозор тополмай

Ҳушёр тортган карвонмисан, нимасан?

Юракда шеър бўлиб, сиртга чиқолмай

Йиғлаб кетган армонмисан, нимасан?

Кўриниб турибдики, Махтумқули шеърияти билан қорақалпоқ классик шоирлари ижодидаги услуб икки халқнинг қадриятлари, маънавияти, урф-одатлари, ўзаро бағрикенглик, биродарлик фазилатларининг муштараклигидан далолатдир.

Шу ўринда адабиётшунос олим, халқаро Махтумқули-Фироғий номидаги Давлат мукофоти совриндори, филология фанлари доктори марҳум Каримбой Қурамбоевнинг “Қорақалпоқ-Туркман адабий алоқаларида Махтумқули ижодининг воситачилик роли” мақоласини алоҳида ёдга олсак.

– Қорақалпоғистонда Махтумқули ижодига қизиқиш ҳеч қачон пасайган эмас, аксинча, йиллар ўтган сари шоир меросини янги мезонлар, янги қарашлар асосида ўрганиш, тарғиб ва таржима қилиш тадбирлари кучайиб боради.

Айниқса, мустақиллик йилларида Махтумқулига мурожаат ҳаётий заруратга, маънавий эҳтиёжга айланиб бормоқда. Шоирнинг ҳар бир шеърида илгари сурилган ғоялар наинки китобхон, балки ижод аҳли учун ҳам маънавият булоғидир. Шунинг учун бўлса керак, бугунги қорақалпоқ адабиёти вакиллари, шоирлар Махтумқулига қайта-қайта мурожаат этмоқда, асарларидан руҳланиб оригинал шеърлар, назиралар, мухаммаслар, ўхшатмалар яратмоқда. Т.Қабулов, А.Ажиниёзов, К.Раҳмонов, Ж.Избосқонов, У.Пиржанов, А.Ўтепбергенов, Т.Сарсенбоевдек  шоирларнинг Махтумқули йўлида ёзган туркум шеърларини, ғазалларига боғлаган мухаммасларини, бағишловларини ибратли тажрибалар тарзида тилга олиб ўтиш лозимдир. Ҳозир уларни номма-ном санасак, каттагина рўйхат юзага келади. Булар Махтумқулига эргашишнинг ёрқин мисоли, ижодий илҳомнинг самараларидир, – деб эътироф этади олим.

Махтумқули ижодининг барча даврларида, бугунги кунда ҳам ижод аҳлининг руҳий оламини бойитиб келаётгани сир эмас. Давлатимиз раҳбарининг Туркманистонга ташрифи Махтумқули халқимиз учун ниҳоятда ҳурматли, ардоқли, эъзозли сиймо эканлигини яна бир бор намоён қилди.

Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиеёв “Махтумқули-Фироғийнинг 300 йиллигига” эсдалик медали билан тақдирланганлиги ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги мустаҳкам дўстлик, биродарлик, ҳамкорликнинг мевасидир.

Ишонч билан айтиш мумкин-ки, Махтумқули ижоди чин маънода асрлардан асрларга ўтиб, инсон қалбини ҳаётга муҳаббат, Ватанга садоқат, ҳалқига саховат, келажакка ишонч туйғулари билан тўлдириб, мангу яшайверади.

Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,

“Қорақалпоқ адабиёти” газетаси бош мухаррири,

Қорақалпоғистон халқ шоири.

ЎзА