Швейцариянинг Женева шаҳрида Парламентлараро иттифоқ (ПИ)нинг 149-ассамблеяси давом этмоқда.
Унда иштирок этаётган Сенат Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ассамблея доирасида ташкил этилган “Тинч ва барқарор келажак учун фан, технология ва инновациялардан фойдаланиш” мавзусидаги дебатда чиқиш қилди.
Унда Ўзбекистон томонидан сўнгги йилларда илм-фанни ривожлантиришга қаратилган амалий ишлар олиб борилаётгани, бу борада қисқа вақт ичида кўплаб ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани қайд этилди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида замонавий технологияларни жадал жорий этиш ва саноатнинг турли тармоқларини рақамлаштириш асосий устувор йўналишлар қаторида белгилаб берилгани таъкидланди.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон 2023 йилда Глобал инновациялар индекси рейтингида 2015 йилга нисбатан 40 поғонага кўтарилгани алоҳида эътироф этилди.
Дебат давомида делегациямиз томонидан келгусида инновация соҳаларини рағбатлантириш ҳамда парламентларнинг кадрлар салоҳиятини ошириш ва ривожлантириш йўналишида тажриба алмашиш, фан ва технология соҳасида глобал мулоқотни кучайтириш ташаббусини илгари сурди.
* * *
Женевага ташриф доирасида Сенат Раиси Танзила Норбоева ПИ Бош котиби Мартин Чунгонг билан учрашув ўтказди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон парламентининг ПИ билан ҳамкорлик алоқалари, келгусидаги режалари кўриб чиқилди.
Жумладан, 2025 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган ПИнинг 150-ассамблеясига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.
М.Чунгонг Ўзбекистон қисқа вақт ичида улкан тараққиёт натижаларига эришганини, Тошкентда ПИнинг 150-юбилей ассамблеясининг ўтказилиши самарали парламентлараро ҳамкорликнинг мантиқий давоми бўлишини таъкидлади.
Суҳбат давомида 150-ассамблея тарихий аҳамиятга эга бўлиши, Ўзбекистон парламенти тажрибасининг намунавий жиҳатларини бошқа давлатларга намоён этиши айтиб ўтилди.
Шу билан бирга, Барқарор ривожланиш мақсадларида назарда тутилган гендер тенглик, ижтимоий ҳимоя, инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида парламентнинг тутган ўрнини янада кучайтириш масалалари эътибор марказида бўлди.
Н.Абдураимова, ЎзА