Бугун Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг кузатувчиларини аккредитациядан ўтказиш ҳамда тезкор ахборот бериш маркази фаолиятини ташкил этишга оид масала кўриб чиқилди.
МСК Раиси З.Низомхўжаев сайлов кампанияси тобора қизғин паллага кириб бораётганини қайд этар экан, янгича сайлов тизими асосида ўтказиладиган бу йилги давлат вакиллик органлари сайловларига хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг қизиқиши ниҳоятда юқори эканини таъкидлади.
Мажлисда қайд этилганидек, бу йилги сайловларни кузатиш учун 50 та давлатдан 400га яқин, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Европада Хавфсизлик ва хамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти каби 21 та халқаро ташкилотнинг қарийб 500 нафарга яқин, 26 та хорижий давлатлар сайлов комиссияларининг 60 нафар, жами минг нафардан ортиқ халқаро ва хорижий кузатувчилар иштирок этиши кутилмоқда.
— Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси Ўзбекистонда сайловларни кузатиш бўйича тўлақонли катта Миссия, яъни таркибида асосий гуруҳ, узоқ муддатли ва қисқа муддатли жами 350 нафарга яқин кузатувчилар билан иштирок этиши режалаштирилмоқда, — деди МСК аъзоси Гулноза Раҳимова. — Халқаро кузатувчилар сайловга тайёргарлик жараёнларини кузатади, сайлов кампаниясининг боришини ҳамда сайлов қонунчилигимизнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини баҳолайди. Хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги сайловларга бўлган катта қизиқиши мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётганидан далолат беради.
Мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар сайловларида халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги Марказий сайлов комиссияси қарори қабул қилинди.
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, МДҲ Парламент Ассамблеяси, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси каби халқаро ташкилотлардан юборилган кузатувчиларнинг бир қисми аккредитациядан ўтказилди.
Ҳозирда кузатувчиларни аккредитациядан ўтказмоқчи бўлган хорижий ва халқаро ташкилотлар ўз давлатларидан туриб “E-Saylov” ахборот тизимига кириши ҳамда белгиланган намунадаги маълумотларни электрон тарзда киритиб, кўриб чиқиш учун юбориш имкониятига эга бўлмоқда. Аккредитациядан ўтган хорижий кузатувчиларнинг мандатлари ҳам тизим орқали автоматик тарзда электрон шаклда мутлақо янги кўринишда шаклланади.
Шунингдек, мажлисда Марказий сайлов комиссияси ҳузурида Тезкор ахборот бериш марказини – “Cаll-center”ни ташкил этиш ва унинг низомини тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, “Cаll-center” орқали фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар марказлаштирилган ҳолда қабул қилиниб, уларга реал вақт режимида ҳуқуқий тушунтиришлар ва маслаҳатлар бериб борилади.
“Cаll-center”нинг асосий вазифалари сайлов кампанияси даврида фуқаролар билан реал вақт режимида мулоқотни йўлга қўйиш, аҳолига сайлов комиссияларининг фаолияти, сайлов жараёнининг босқичлари ҳақидаги тўлиқ ва ишончли ахборотни етказиш, фуқароларнинг сайлаш ҳамда мурожаат қилишга доир ҳуқуқлари сўзсиз амалга оширилиши учун зарур шароитлар яратиш ҳамда уларнинг сайлов қонунчилиги ва сайлов жараёнларидан хабардорлик даражасини ошириш кабилардан иборат бўлади.
Тезкор ахборот бериш маркази 1 октябрдан ўз иш фаолиятини бошлаб, сайлов натижалари эълон қилингунга қадар иш олиб боради.
Мажлисда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА