Мўғулистон ҳудудлардан келган авто уловлар учун Улан-Батор кўчаларида юриш учун тўлов жорий қилади. Айтилишича, ушуб чора пойтахтда машина тирбандлигини 5 фоиз камайтириши мумкин. Бу ҳақда шаҳар ҳокимияти маълум қилган.
Автомобили учун вилоятдан давлат рақами олган ҳайдовчилар 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб Улан-Баторда йўл учун ҳақ тўлайди. 48 соат юрган машина учун тўлов тахминан 0,28 долларни ташкил этади. Агар фуқаро пойтахтда икки кундан кўп қолса, кунига 1,6 доллардан кечишга мажбур.
Тиқилинч Улан-Баторнинг кўп йиллик муаммоси. Мамлакатнинг асосий шаҳрига ҳудудлардан ҳар куни ўртача 19 минг автомобиль кириб келади. Байрам кунлари эса ушбу кўрсаткич кескин ошиб, баъзан 38 мингга чиқиб кетади.
Йиғимдан тушган маблағ пойтахт йўл жамғармаси ҳисобига ўтади ва таъмир ишларига йўналтирилади. 2023 йил кузда Улан-Батор мэри Хишгээгийн Нямбаатар шаҳар кўчаларида тиқилинчга қарши курашиш учун енгил автомобиллар импорти ҳамда янги автомобилга рақам беришни чеклаш таклифини киритган эди.
Кунига 2,5 соат тйўлда туриб қолиш Мўғулистон пойтахтида одатга айланган. Ҳукумат кўп йиллардан буён ушбу муаммони ҳал қила олмаяпти, чунки шаҳар аҳолиси кўпайган сари улов сони ҳам ортмоқда. Афсуски, йўллар талаб даражасида эмас.