Бухорода 900 миллион киловатт электр ва 400 миллион куб метр газни иқтисод қилиш имкони борлиги қайд этилди. Бу умумий истеъмолнинг 20 фоизига тенг.
Йирик корхоналарда ускуналарни янгилаш ва аудит ўтказиш орқали 25 фоизигача электр ва газни иқтисод қилиш мумкин.
Бухорода 200 минг кўчмас мулк объектида камида 3 киловаттли қуёш панели ўрнатиб, 600 мегаватт қувват яратиш мумкин. Бу билан вилоят электр истеъмолининг яна 20 фоизи иқтисод бўлади.
Лекин, ҳозиргача 2 минг хонадон ва 750 та тадбиркор панеллар ўрнатган бўлса-да, тармоққа берилган электр учун бор-йўғи 292 тасига пули тўлангани танқид қилинди. Оқибатда панель ўрнатганлар рағбат сезмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Мутасаддиларга хонадон, маҳалла, панель ўрнатувчини бир-бирига боғлаб, аҳолига тушунтириш, панель қўйганларга тўловларни ўз вақтида тушириш ишларини ташкил қилиб, йил якунигача кескин ўзгариш қилиш топширилди.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Бухоро вилоятига қилинган ташриф натижадорлигини ошириш, муқобил энергия манбаларини жорий этиш ҳамда саноат корхоналари учун жозибадор шароитларни яратиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
ЎзА