Жорий йилда ҳудудий корхоналарда 164 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди, ўсиш 8,6 фоизни ташкил қилди.
Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Хусусан, 87 та туманда ҳудудий саноат ўсиши республика кўрсаткичидан юқори бўлди. Лекин айрим туманларда саноат пасайгани, баъзиларида деярли ўсмагани кўрсатиб ўтилди.
Тўлиқ қувватда ишламаётган 295 та корхона фаолияти тикланиб, ишлаб чиқариш ҳажми 390 миллиард сўмга кўпайди.
Вилоят ҳокимлари ва мутасаддиларга яна 2 мингдан ортиқ корхона муаммосини ҳал қилиб, йил якунигача ишлаб чиқариш ҳажмларини тиклаш вазифаси қўйилди.
Умуман, барча вазирликлар ва вилоят ҳокимликларида Барқарор ривожланиш марказларини ташкил қилиш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, таннархни камайтириш, истиқболли бозорларга йўл очиш, ҳудудларда тадбиркорлар масаласини тез ва шаффоф ҳал қилишда 7 та иқтисодий тадқиқот маркази ва олийгоҳлар имкониятларидан фойдаланиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
ЎзА