Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими кўргазмалар саройида таниқли ва ёш иқтидорли рассомлар асарларидан ташкил топган “108 – бурилиш” деб номланган кўргазма очилди. 
– Кўргазманинг бундай номланишига сабаб, кўргазмадан ўрин олган асарларнинг кўпчилиги абстракт ўйлаш шаклида ишланган, рассомларнинг ижодидаги бурилиш эса инсонни теран фикрлашга чорлайди, –дейди кўргазма ташкилотчиси, рассом Бахтиёр Серекеев. – Яна бир сабаби эса кўргазма саройимиз Нукусдаги халқ таъбири билан айтиладиган “108-бурилиш” га яқин жойда жойлашган.
Кўргазманинг асосий мақсади миллий рассомлик санъатининг бой меросини ва замонавий рассомлик санъатининг ютуқларини кенг оммага танитиш ва ёш иқтидор эгаларини қўллаб-қувватлашдир.
Шунингдек, кўргазмадан жой олган картиналар таниқли рассомлар ижодининг янги қирраларини очиб беради ва дебютант ижодкорларнинг илк қадамларидан хабардор қилади.
Кўргазма бир ой давом этади.

 

Е.Қаноатов, ЎзА