Мамлакатимизнинг Буюк Британиядаги элчихонасида хорижда яшаётган ватандошлар билан Ўзбекистоннинг қисқа фурсатларда халқаро капитал бозорига чиқиш имкониятлари ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш масалаларига бағишланган мулоқот ташкил этилди.

Видеоконференция тарзда ўтган учрашувда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Молия вазири Ж.Қўчқоров, ташқи ишлар вазирининг ўринбосари А.Абдувоҳидов, тегишли вазирлик ва идоралар, Буюк Британия, Бельгия, Италия, Туркия каби дунёнинг 15 мамлакатидаги юртдошларимиз, дипломатик корпус, молия институтлари ва инвестиция компаниялари вакиллари иштирок этди.

Тадбир асносида мамлакатимизга сайёҳлар оқимини жалб қилиш, молия, солиқ ва банк секторларида ислоҳотларни амалга ошириш орқали қулай инвестициявий муҳит яратиш, экспорт ҳажмини ошириш бўйича ҳукумат томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Учрашувда “HSBC“, “Tokio Mitsubishi“, “Fitch Rating Sovereign Group“ халқаро таҳлил агентлиги каби йирик молия ва таҳлил институтлари мутахассислари ҳам қатнашиб, Ўзбекистоннинг капитал бозорига чиқиш имкониятлари ҳақида тақдимотлар қилдилар.

Шунингдек, тадбирда мамлакатимизнинг инвестициявий рейтингини кўтариш, қимматли қоғозларни жаҳон фонд бозорларида сотиш механизмлари, Буюк Британия, Хитой, АҚШ, Сингапур, Швейцария ва бошқа мамлакатлардаги йирик молия ташкилотлари ва банклар билан ишлаш тамойиллари бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди. Давлат облигациялари ва қимматли корпоратив қоғозларини чиқариш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, хорижий инвестиция компаниялари ва жамғармаларининг маблағларини Ўзбекистонга жалб қилиш, халқаро молия ташкилотларининг имтиёзли кредитларини йўналтиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

Хориждаги ватандошлар Ўзбекистон иқтисодий секторида ҳужжатлар ва шартномаларни тайёрлашда норасмий маслаҳатчи сифатида иштирок этишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Тадбир сўнгида мамлакатимизни иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазаларни 15 кун мобайнида умумлаштиришга келишиб олинди

 

ЎзА