Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) бошқаруви кенгаши қабул қилган резолюцияда Теҳрон ташкилот билан етарли даражада ҳамкорлик қилмаётгани таъкидланган эди. Бунга жавобан, Эрон Натанзе ва Фордо ядровий объектларида қатор чора-тадбирлар амалга оширган.

Mehr” агентлиги ёзишича, айни қадам Европанинг уч мамлакати – Буюк Британия, Германия ва Франциянинг “нохолис ҳаракати”га қарши жавоб. Теҳрон кўриб чиқиш учун тақдим этилган мазкур резолюция лойиҳаси сиёсийлаштирилгани ва қарама-қаршиликни кучайтиришинитаъкидлаган.

***

Жорий ҳафта Исроил армияси бош штаби раҳбари Халевм Баҳрайнда араб мамлакатлари расмийлари билан учрашди, деб ёзди “Axios” нашри. Томонлар минтақавий хавфсизлик бўйича ҳамкорлик масаласини муҳокама қилган. Таъкидланишича, АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) раҳбари Майкл Курилла шафелигида ўтган тадбирда Баҳрайн, БАА, Саудия Арабистони, Иордания ва Мисрдан юқори лавозимли генераллар иштирок этган.

***

Токи, Лукашенко Президент экан, Арманистоннинг бирор расмий вакили Беларусга бормайди, дея баёнот берди Бош вазир Никол Пашинян парламент йиғилишида.

Лукашенконинг 15-17 май кунлари Озарбайжонга амалга оширган давлат ташрифи дастуридан Қорабоғ сафари ҳам ўрин олган эди.

Ҳукумат раҳбари ушбу йиғилишда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан чиқиш расмий Арманистоннинг навбатдаги қадами бўлишини ҳам таъкидлади:

– Кейинги мантиқий қадам КХШТдан чиқиш. Бу воқеа бир ой, бир йил ёки уч йил ичида содир бўлишини ҳал қиламиз.

***

10 июндан буён Систон ва Белужистон вилоятларида амалга оширилган ҳарбий амалиёт натижасида Эрон ҳуқуқ-тартибот идоралари жиноий ташкилотларнинг 3 078 нафар аъзосини ҳибсга олган. Бу ҳақда ҳудуд полицияси раҳбари Жалилиён маълум қилди.

Эрондаги энг йирик қаршилик ўчоғи ҳисобланадиган бу икки минтақада тез-тез ҳукуматга қарши намойиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизими ходимлари билан тўқнашув бўлиб туради.

***

Европа Иттифоқнинг саккиз мамлакати ташқи ишлар вазирлари Россияга қарши қўлланаётган навбатдаги санкция тўплами доирасида РФ дипломатларининг кўҳна қитъа бўйлаб ҳаракатига чеклов жорий қилишни талаб қилган. “Politico” нашри ЕИ ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Хосеп Боррелга йўлланган мактубга таяниб, шу ҳақда хабар тарқатди.

***

Агар Дональд Трамп ноябрь ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловида ғалаба қозонса, Пекин ва Вашингтон ўртасидаги муносабат ёмонлашиши мумкин. Хитой Халқ Республикаси сиёсий маслаҳатлашув кенгаши аъзоси, Пекин университети қошидаги халқаро муносабатлар мактаби профессори Цзя Цинго “Bloomberg” агентлигига берган интервьюсида шу фикрни билдирди.

***

Италиядаги саммитдан сўнг G7 етакчилари Украинага, асосан, ҳаво ҳужумидан мудофаа соҳасида ҳарбий ёрдам кўрсатишга зўр бериши кутиляпти. Япониянинг “Nikkei” газетаси тегишли манбаларга таяниб, шундай ёзди. 15 июнгача давом этадиган бу галги анжуманга Италия раислик қилмоқда. Учрашувнинг асосий мавзулари Украина, Яқин Шарқдаги вазият ва миграция. Япония томони Осиё-Тинч океани минтақасидаги вазиятга ҳам эътибор қаратиш ниятида.

***

“Ҳизбуллоҳ” ихтиёрида Исроилга стратегик хавф туғдириши мумкин бўлган 1 миллиондан ортиқ турли русмдаги ракета мавжуд, деб ёзди “Foreign Policy” Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусидаги манбаларига таяниб. Ташкилот захирасида юқори аниқликдаги бошқариладиган ракета, ўта такомиллаштирилган ва ўз-ўзидан портловчи, учувчисиз қурилмалар мавжуд. Хабарда айтилишича, Ҳизбуллоҳ уюштирмоқчи бўлган кенг кўламли аниқ ҳужумлар мудофаа заводлари, Темир гумбаз ҳамда Давидс Слинг каби ҳаво мудофаа тизимига қаратилиши мумкин.

С.Раҳимов,

ЎзА