АХБОРОТ
 
2018 йил 29 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси давом эттирилди.
Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги зиммасига юкланган вазифаларни бажариш бўйича фаолияти тўғрисидаги ахборотини эшитдилар.
Таъкидланганидек, 2018 йилнинг ўтган даврида Ташқи ишлар вазирлиги томонидан мамлакатимиз миллий манфаатларини халқаро майдонда ифода этиш ва 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 12 январьдаги нутқида ва 5 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг устувор йўналишларини амалга оширишда унинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида белгиланган вазифаларни бажариш бўйича комплекс ишлар амалга оширилган.
Товарлар экспортини амалга ошириш масаласида АҚШ, Буюк Британия, Озарбайжон, Россия, Германия, Грузия, Белгия, Бангладеш, Ҳиндистон, Италия, Малайзия, Латвия, Хитой, Корея, Чехия, Таиланд ва БААда ташкил этилган халқаро кўргазмаларда иштирок этишда мамлакатимиз компаниялари ҳамда корхоналарига вазирлик томонидан амалий кўмак берилган. Кўргазмалар якунлари бўйича қарийб 83,5 миллион долларлик савдо шартномалари имзоланган.
Хорижий инвестицияларни жалб қилиш борасида 2018 йилнинг январь-май ойларида хорижга ташрифлар ва мулоқотлар натижасида қиймати 17 миллиард долларлик 182 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш тўғрисида дастлабки келишувга эришилди. Жорий йил 1 июнь ҳолатига кўра, дипломатик миссиялар томонидан 10,5 миллиард долларлик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашилди.
Муҳокама чоғида Ташқи ишлар вазирлиги олдига қўйилган вазифаларни янада самарали бажаришга тўсқинлик қилаётган муаммолар мавжудлиги ҳам қайд этилди. Хусусан, товарларни экспорт қилиш, инвестициялар ва туристларни жалб этиш масалалари бўйича Ташқи ишлар вазирлиги ва дипломатик ваколатхоналар томонидан вазирлик ҳамда идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилган таклифлар соҳага ихтисослашган идоралар, ҳокимликлар томонидан ўз вақтида кўриб чиқилиши таъминланмаяпти.
Сенаторлар Ташқи ишлар вазирлиги фаолияти самарадорлигини янада ошириш бўйича тавсиялар бердилар. Жумладан, хорижий мамлакатлар билан савдо-иқтисодий, инвестициявий ва сайёҳлик алоқаларини ривожлантириш бўйича самарали ишларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва янгиланишларнинг бориши тўғрисида халқаро ҳамжамиятга холис ахборот етказиш учун «Дунё» ахборот агентлигининг фаолиятини кучайтириш, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги муассасалари фаолиятини нафақат сон, балки сифат кўрсаткичларига, шунингдек идоралараро ҳамкорлик механизмларини шакллантириш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини татбиқ этишга эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. Муҳокама якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Шундан сўнг сенаторлар Андижон вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботини эшитдилар.
Андижон вилояти ҳокимининг ҳисоботида қайд этилганидек, вилоятни комплекс ривожлантириш ва бу жараёнда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари салоҳиятидан фойдаланиш борасида муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, 2017 йилда вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажмининг ўсиши 106,7 фоизга етган. Тегишли дастурлар доирасида 1,5 триллион сўмдан зиёд инвестициялар ўзлаштирилиб, қарийб 3040 та лойиҳа амалга оширилган. Бунинг эвазига 42,3 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилган. 2476 та хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес субъекти ташкил этилган, тижорат банклари томонидан уларга 1,2 триллион сўмлик кредит ажратилган.
Ўтган йилда 99 та корхона экспорт қилувчи корхоналар сафига қўшилган. Натижада вилоятда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспорт қилинаётган мамлакатлар сони 18 тага етган, экспорт ҳажми қарийб 130 миллион АҚШ долларини ташкил этган.
130 та ижтимоий соҳа объекти – шифохоналар, мактаблар, мактабгача таълим муассасалари, ичимлик сув иншоотлари фойдаланишга топширилган. 24 та қишлоқ массивида 1165 та арзон уй-жой, шу жумладан профилактика инспекторлари учун 326 та хизмат уйи барпо этилган.
Вилоятда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 7 июньдаги қарори билан тасдиқланган «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастурини амалга ошириш бўйича ишлар бошланган.
Жумладан, жами 497 минг 162 та хонадон (жами хонадонларга нисбатан 93 фоиз) бирма-бир ўрганиб чиқилиб, 200 минг 505 та хонадон эгаларининг 2 триллион 959 миллиард сўм миқдоридаги кредит маблағига хоҳиши борлиги аниқланган. Ушбу хонадонларга биринчи босқичда 800 миллиард сўм маблағ ажратилиб, аҳолининг тадбиркорлик билан шуғулланиши учун шароит яратилган.
Шу билан бирга, сенаторлар Андижон вилоятида ҳудудларни ривожлантиришга ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятининг самарадорлигини оширишга салбий таъсир кўрсатаётган муаммо ва камчиликлар борлигини, мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланилмаётганини таъкидладилар. Хусусан, тадбиркорлик субъектлари дуч келаётган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш чоралари лозим даражада кўрилмагани оқибатида 2018 йилнинг биринчи чорагида 251 та кичик бизнес субъекти фаолияти тўхтатилган ва кўплаб иш ўринлари йўқотилган. Аҳоли эҳтиёжларига мос равишда иш ўринлари ташкил этиш, мавжуд иш ўринларини малакали кадрлар билан тўлдириш масалалари тўлиқ ҳал этилмаяпти.
Вилоятда аҳолини ичимлик суви, электр энергияси ва табиий (суюлтирилган) газ билан тўлиқ ва узлуксиз таъминлаш борасида муаммолар мавжуд. Электр тармоқларининг айрим қисмлари фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келиб қолган. Жорий йилда газ қувурларини мукаммал таъмирлаш бўйича белгиланган режа бажарилмаган. Вилоятнинг ички хўжалик йўллари таъмирталаб аҳволда.
Муҳокама якунлари бўйича мазкур муаммоларни ҳал этиш юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар, шунингдек маҳаллий ижро ҳокимияти органлари масъулиятини кучайтиришга қаратилган тегишли қарор қабул қилинди.
Сўнгра сенаторлар Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни тартибга солиш масаласини муҳокама қилдилар.
Таъкидланганидек, ўрганишлар давомида давлат ва жамоат ташкилотлари иштирокида 10 мингдан зиёд учрашув, давра суҳбати ва тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Муҳокамаларда 120 мингдан ортиқ мутахассис ва экспертлар, жамоатчилик ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди. Республика ишчи гуруҳи аъзолари, хусусан Республика маънавият ва маърифат маркази, «Ижтимоий фикр» жамоатчилик маркази томонидан 250 мингдан ортиқ фуқаро ўртасида сўровнома ўтказилди.
Даврий босма нашрларда оилавий тадбирлар билан боғлиқ 350 дан зиёд таҳлилий-ахборот материалеълон қилинди, марказий телерадиоканалларда 150 дан зиёд кўрсатув, ток-шоу ва репортажлар, 450 дан ортиқ эшиттириш эфирга узатилди. Интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган хабарлар 4 миллион маротаба ўқилди, 1,3 миллиондан ортиқ фуқаро иштирокида муҳокама қилинди.
Таклифларни ишлаб чиқишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, дин идоралари вакиллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, тўйхона, кафе ва ресторанлар эгалари, санъат аҳлининг фикр-мулоҳазалари эътиборга олинди.
Муҳокамалар мобайнида жойларда аллақачон ихчам тўйлар ўтказила бошлангани, бу ташаббусни халқимиз хайрихоҳлик билан қабул қилаётгани, қўллаб-қувватлаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Шу боис халқимизнинг миллий урф-одатларидан, ҳудудларнинг ўзига хослигидан келиб чиқиб, сенаторлар тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ихчам, камхарж, дабдабасиз ўтказиш зарур, деган хулосага келдилар.
Тўй-ҳашам ва бошқа оилавий тадбирларни ихчам ўтказишни йўлга қўйишга одамлар ўртасида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот, шахсий ибрат, намунали тадбирлар мисолида эришиш ҳар жиҳатдан фойдали экани қайд этилди.
Сенаторларнинг фикрича, оилавий тадбирларни миллий қадриятларимиз асосида,камхарж, дабдабалардан холи ўтказишни кенг жамоатчилигимиз ва ҳар бир инсон онгли равишда англаб етмоғи лозим.
Шунинг учун ҳам Сенатнинг қабул қилинган қарорида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда бошқа вазирликлар ва идоралар, оммавий ахборот воситалари ҳамкорликда тарғибот ишларини олиб бориши зарурлиги қайд этилди. Хусусан, тўйларни ўтказишда миллий урф-одат ва анъаналарни менсимаслик, исрофгарчилик ҳолатларининг олдини олиш юзасидан жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси зиммасига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан оилавий тадбирларнинг ўтказилиши юзасидан мониторинг, шунингдек халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан амалга ошириладиган депутатлик ва жамоатчилик назорати натижаларини таҳлил қилиб, Сенат Кенгашига мунтазам равишда тегишли ахборот киритиб бориш вазифаси юклатилди.
Шундан сўнг сенаторлар «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Конституциявий Қонунга ва «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳамда ёшларнинг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлиги ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Ариповга парламент сўрови юбориш ҳақидаги масалани кўриб чиқдилар.
Сўзга чиққанлар мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раҳбарлигида барча соҳаларда, шу жумладан мамлакатимизнинг мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётганини қайд этдилар. Хусусан, мамлакатнинг янги Мудофаа доктринаси қабул қилиниб, унда Қуролли Кучлар олдида турган вазифалар, миллий армияни шакллантириш ва ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари мустаҳкамлаб қўйилди. Шу билан бир вақтда Қуролли Кучларни янада ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга, мамлакатимиз хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда мудофаа қобилиятини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Айни пайтда тобора ўзгариб бораётган халқаро вазият таҳлили, жамиятнинг маънавий-ахлоқий негизига, ўсиб бораётган авлоднинг онгига ахборотлар билан руҳий таъсир ўтказишга уринишлар ошиб бораётгани ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш самарадорлигини, ўсмирларнинг ҳарбий тайёргарлигини ҳар томонлама оширишни талаб қилмоқда.
Сенат томонидан сафарбарлик чақируви резерви сафида хизмат қилишга, ушбу хизматни ташкил этиш ва ўташга оид ҳужжатлар ижроси, шунингдек ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёрлаш ишлари ўрганилди ҳамда таҳлил қилинди.
Уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича сенаторлар томонидан сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ташкил этиш ва ўташ масалалари, шунингдек умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасаларидаги чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик тизимини такомиллаштириш, чақирув ёши чегарасини қисқартириш, чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси лавозимларига касбий жиҳатдан яхши тайёрланган, малакали, иш тажрибасига эга шахсларни, шу жумладан захира ва резерв офицерларини тайинлаш чора-тадбирлари тўғрисида асослантирилган изоҳлар бериш илтимоси билан парламент сўрови юборилди.
Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг Франция Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчисини, Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий Кенгаши раисини тайинлаш, Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ялпи мажлисда Олий Мажлис Сенати ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди ва улар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Умуман олганда, ўн бешинчи ялпи мажлис давомида Сенат ваколатларига кирадиган 23 та масала, шу жумладанмамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилувчи 10 та қонун кўриб чиқилди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ахборот хизмати