АҚШ  “режали жойлаштириш” доирасида Буюк Британияга ўзининг тўртта B-52 стратегик бомбардимончи самолётларини жўнатди, деди Пентагоннинг расмий вакили Патрик Райдер.

– Мамлакат ҳарбий ҳаво кучларининг тўртта B-52 “Stratofortress” бомбардимончи самолёти АҚШнинг Европа қўмондонлиги тезкор амалиёт ҳудудига режали жойлаштириш доирасида кўчирилди, – деди Райдер ОАВ учун уюштирилган брифингда.

Аввалроқ Қўшма Штатлар ҳарбий ҳаво кучларининг Европа ва Африкадаги   қўмондонлиги тарқатган хабарида Буюк Британиядаги авиабазасига иккита бомбардимончи самолёт етиб келгани айтилган эди.

Райдернинг таъкидлашича, америкалик учувчилар НАТО бўйича иттифоқчилари ва минтақадаги шериклари билан биргаликда машқ қилиш ҳамда ўзаро тезкор мувофиқлашув амалиётларини ишлаб чиқиш учун катта имкониятларга эга.