Саудия Арабистони Подшоҳлигига қарашли “Saudi Aramco” нефть-газ компанияси “Катта йигирмалик” мамлакатлари орасида капиталлашуви бўйича Миллий ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) миқдоридан юқори ягона бизнес тузилмаси экан. “РИА Новости” очиқ статистик маълумотларга таяниб, компанияга шундай баҳо берган.
Жорий ҳафта бошидаги ҳолатга кўра, “Saudi Aramco” капитали мамлакат ЯИМдан 1,7 баробар юқори – 1,933 триллион долларни ташкил этган. Энг яқин таъқибчи – Жанубий Кореянинг “Samsung” (379,9 миллиард доллар) компанияси мамлакат ЯИМ 22 фоизига, Аргентина савдо гиганти “MercadoLibre” (82,7 миллиард доллар) компанияси капиталлашуви эса мамлакат ЯИМнинг 14 фоизига тенглашди.
Тегишли рўйхатнинг юқори бешлигига Франциянинг “Moеt Hennessy Louis Vuitton” (13 фоиз ёки 419,4 миллиард доллар), Американинг “Microsoft” (11 фоиз ёки 3,022 триллион доллар) ва ЖАР технология гиганти “Naspers” (10 фоиз ёки 36,2 миллиард доллар) ҳам киритилган.
Дунёдаги энг йирик тоғ-кон компанияси ҳисобланган “BHP Group” капитали Австралия ЯИМ 8 фоизи, яъни 142,4 миллиард долларни ташкил этган, Худди шундай кўрсаткични Япониянинг “Toyota” (315,2 миллиард доллар) компанияси ҳам қайд этган. Кейинги ўринни 7 фоиз кўрсаткич билан Британиянинг “AstraZeneca” (236,8 миллиард доллар) компанияси эгаллаган. Канаданинг “Royal Bank of Canada” банки (143,2 миллиард доллар) ва Ҳиндистоннинг “Reliance Industries” конгломерати (231,1 миллиард доллар) капиталлашуви миллий ЯИМнинг 6 фоизига тенг бўлган.
“Катта йигирмалик” мамлакатларидан Индонезиянинг “Bank Central Asia” (75,4 миллиард доллар) кредит ташкилоти, Германиянинг “SAP” технология компанияси (214,1 миллиард доллар) ва Бразилия нефть гиганти “Petrobras” (108 миллиард доллар)бошқа йирик бизнес тузилмалари ўз мамлакатлари ЯИМга нисбатан 5 фоизлик тўсиқдан ўтолмаган.
Туркиянинг “QNB Finansbank” (42,5 миллиард доллар) банки ҳамда Россия “Сбербанк”и (72,3 миллиард доллар) кўрсаткичи миллий ЯИМда тўрт фоизни қайд этди. Италиянинг “Ferrari” (77,5 миллиард доллар) автомобил гиганти ва Мексиканинг “Walmex” (66,8 миллиард доллар) савдо компанияси ўз мамлакати ЯИМ 3 фоизини, Хитойнинг “Tencent” (444 миллиард доллар) технология гиганти капиталлашуви эса Чин мамлакати ЯИМда атиги 2 фоизни ташкил этган.
Юқорида келтирилган компаниялар “Катта йигирмалик”ка кирувчи мамлакатлар бизнес тузилмалари ҳисобланади. Бундан ташқари яна бир компания ҳам капиталлашув жиҳатидан миллий ЯИМни ортда қолдирган. Даниянинг тиббий соҳада фаолият юритаётган гигант компанияси – “Novo Nordisk” ҳақида шундай деса бўлади. Ушбу компания капиталлашуви (567,56 миллиард доллар) Дания ЯИМидан 1,4 баробар кўп.
С.Раҳимов тайёрлади, ЎзА