Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати маълумотларига кўра, Тошкент вилоятида бешта туристлар ахборот маркази очилади. 
Хусусан, Бўстонлиқ, Паркент, Оҳангарон-Ангрен тоғ кластерларида ва Юқоричирчиқ туманида инноватцион “Туристлар ахборот марказлари” барпо этиш режалаштирилган. Режага мувофиқ Бўстонлиқ туманининг Хожикент ҳудудида, Оҳангарон-Ангрен тоғ кластери ҳудудида, Ангрен-Янгиобод йўлида намунавий, замонавий, барча қулайликларга эга “Туристлар ахборот маркази” қурилиш ишлари тугатилди. Ушбу инноватцион мобиль ахборот пунктлари орқали туристларга тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиш, онлайн авиа ва темир йўл чипталарини сотиб олиш, меҳмонхона брон қилиш, такси чақириш, умумий овқатланиш шаҳобчалари ва бошқа обеъктлар тўғрисида маълумот билан таъминлаш назарда тутилади.
Биринчи мобиль ахборот пункти Ангрен-Янгиобод йўлида яқин кунларда ишга туширилади. Марказ шу кунларда зарурий мебель ва анжомлар билан жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда. Марказ атрофида инфратузилма ривожланган бўлиб, туристларга турли хил хизматлар таклиф этилади. Йил охиригача яна 3 та ана шундай марказ Бўстонлиқ ва Паркент туманларида очилиши режалаштирилган.

 

Гўзал Сатторова, ЎзА