Янги танлов – “Фаол тадбиркор – ижодкор нигоҳида”

Замонамиз қаҳрамонининг қиёфаси қандай яратилади? 

Сиз ўзингизни энг фаол тадбиркор деб ҳисоблайсизми? Унда яқин кунларда корхонангизга шоир, ёзувчилар ва журналистлар борса, ҳайрон бўлманг.

Сабаби, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги билан ҳамкорликда эълон қилинган “ФАОЛ ТАДБИРКОР – ИЖОДКОР НИГОҲИДА” Республика ижодий танлови доирасида ижод аҳли учун медиатур ўтказиш режалаштирилмоқда.

Дарҳақиқат, юртимизнинг чека-чекка қишлоқларида замонавий завод ва фабрикалар бунёд этилмоқда. Ишлаб чиқариш ҳажми ортиб, маҳсулотларимиз турли давлатларга экспорт қилинмоқда. Бугун бирор бир давлат йўқки, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳақида билмаса.

Албатта, эришилаётган бу ютуқларда тадбиркор ва фермерларнинг ўзига хос ўрни бор. Юртимизнинг бугунги қиёфасини яратувчилари саналган, замонамиз қаҳрамонлари бўлмиш тадбиркор ва фермерларни қиёфасини бадиий образларда, публицистикада, қолаверса, видео ва аудио лойиҳалар орқали гавдалантириш нафақат жамиятда уларга нисбатан ижодий муносабатларни янада мустаҳкамлашга, балки ёш авлодда ушбу соҳага бўлган қизиқиш, интилишни оширишга хизмат қилади.

Танлов шартлари “Энг яхши бадиий асар”, “Энг яхши публицистик мақола”, “Энг яхши видеоролик” йўналишларида бўлиб, ҳар бир йўналишда l-, 2-, 3-ўрин ғолиб ва совриндорлари аниқланади ҳамда уларга диплом ва пул мукофотлари топширилади. Мисол учун, 1-ўрин ғолиби энг кам иш ҳақининг 100 баравари, 2-ўрин 50 баравари ва 3-ўрин ғолиби 25 баравари миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Шунингдек, “Ёш тадбиркор образини яратган энг яхши асар учун”, “Замонавий тадбиркор аёл образини яратган энг яхши асар учун” номинациялари бўйича рағбатлантирувчи мукофотлар таъсис этилган.

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси билан ҳамкорликда ўтказилган йиғилишда танлов шартлари яна бир бор такрорланди.

 

ЎзА