Мундиал кундалиги: Чемпионнинг тақдири ҳал бўладиган кун

Белгия – Тунис
Эден Азар етакчилигидаги Белгия термаси “Г” гуруҳида етакчилик қилмоқда. Биринчи турда инглизларга бош оғриқ бўлган Африка вакилига қарши ўйин, осон бўлмайди европаликлар учун. Шунингдек, ҳеч қандай очкога эга бўлмаган Тунис ҳам бу турда бор кучини ишга солмаса, ўйларига қайтиб кетишига тўғри келади. Учрашув бир оздан сўнг Москвадаги “Спартак” стадионида бошланади. Бош ҳакам сифатида Жаир Марруфо ишлаши кутилмоқда.
Жанубий Корея – Мексика
Соат 20:00дан бошлаб қитъадошларимиз Шимолий Америка вакили Мексика термасига қарши майдонга чиқишади. Корейслар ўтган турда Скандинавия ўлкасидан ташриф буюрган рақибларига кичик ҳисобда мағлуб бўлишганди. Мексика бўлса, аксинча, гуруҳнинг сўзсиз фаворити дея талқин этилаётган бундестим устидан зафар қучган. Мана шу жиҳат учрашувнинг даражасини ошириши табиий. “Ф” гуруҳидан ўрин олган баҳсга тажрибали ҳакам Милорад Мажич тайинланган. Ўйин “Ростов арена”да бўлиб ўтади.
Германия – Швеция
“Ф”дан жой олган жамоаларнинг навбатдаги баҳси жуда қизиқарли ўтиши кутиляпти. Дастлабки турда мағлуб бўлган амалдаги чемпион, бугун ҳам ўша натижани такрорлайдиган бўлса Европага қайтади. Шведларда эса вазият анча яхши. Уларни дуранг ҳам қаноатлантиради. Златансиз яхши ўйнашяпти. Аммо немислар билан дуранг учун майдонга чиқмаслик керак. Чунки бундай хатони кечиришмайди Лёв шогирдлари. Симон Марчиняк бошқарадиган ушбу тўқнашув, куннинг охирги ўйини саналади. Учрашув Сочидаги “Фишт” стадионида соат 23:00дан бошлаб эфирга узатилади.
Ушбу учрашувга ФИФА томонидан тақдим этилган таҳминий таркиблар:
Германия: Мануел Нойер, Жошу Киммих, Жером Боатенг, Никлас Зуле, Ёнас Ҳектор, Илкай Гундоган, Тони Кроос, Томас Мюллер, Месут Ўзил, Марко Ройс, Марио Гомез
Бош мураббий: Йоахим Лёв
Швеция: Робин Олсен, Майкл Лустиг, Виктор Линделоф, Андрес Гранквист, Людвиг Аугистинсон, Виктор Клеассон, Себастиан Ларссон, Албин Экдал, Эмил Форсберг, Маркус Берг, Ола Тоивонен
Бош мураббий: Ян Андерсон

 

ЎзА